Менким, соҳибқирон-Жаҳонгир Темур (11-боб)

ИСФАҲОН УЧУН ЖАНГ. 

Юқорида айтиб ўтганимдек, Ис­фаҳон жангида менинг 106 минг кишилик қўшиним иштирок этмоқда эди. Айни ўша дамда жанггоҳлар­да 75 минг пиёдаларимиз душман билан курашиб, жон олиб жон бер­моқда эди. Олти минг нафар аскар мен билан бирга эди. Отлиқ бўлин­мани ўша кеч жангга ташладим. Ёмғирда ивиб қолмасликлари учун, уларни Сада қишлоғига жўнатдим. Кун бўйи давом этган қақшатқич жангда исфаҳонликлар саккиз ёки саккиз ярим минг жангчиларимни сафдан чиқарганлари ҳақида маълу­мот олдим.

Менинг ҳузуримда 6 мингта аскар қолган эди. Улар учун дарахт новда­лари ва шох-шаббалардан қўлбола чайлалар тикланди. Жуда муҳта­шам бўлмаса-да, ёмғирдан асранса бўларди.

Ўша кеча ёмғир тинмади: эрталаб- гача ёғиб чиқди. Жангчиларимиз ҳам тин олмай шаҳар ҳимоячилари билан курашиб чиқдилар. Уларнинг уйларини, шаҳар деворини буз­дилар. Тонгда ёмғир тинди. Қуёш чиқиб, ҳаво илиди. Мен ҳарбий бў­линма бошлиқларимга жангчиларни чўкич, болта каби қўшимча воси­талар билан қуроллантиришлари­ни буюрдим. Улар ўша куни қилич билан душманнинг бошини узишга, чўкич билан уйини бузишга кўрсат­ма олдилар.

Қўл билан бузиш мушкул бўлган иншоотларни порох ёрдамида кули кўкка совурилди. Ўша куни йигирма минг аскарни захирага қолдириб, қолган барчани шаҳар ичкарисига сафарбар этдим.

Бизнинг ҳал қилувчи ҳужумимиз бирваракайига тўрт томондан бош- ланди. Ўзим ҳам пиёдалар сафида шаҳарга кирдим. Ундаги манзара ҳақиқатдан ҳам аянчли эди. Бу­зилиб вайронага айланган шаҳар, айқаш-уйқаш юмалаб ётган жасад­лар зафар қозониш учун душманга қоплондек ташланган жангчила­римнинг қудратини ва ўзини ҳимоя қилиш учун унга муносиб қаршилик кўрсата олган исфаҳонликларнинг матонатини ўзида акс эттирган эди.

Эрталабгача ёғиб чиққан ёмғир ту­файли вайроналар ботқоққа айлан­ганди. Юриш оғир, тиззагача лой ке­чишга тўғри келарди. Зеро, жангчи бунга одатланган бўлмоғи лозим. У бўғзигача лойга ботганида ҳам қи­личини қўлдан қўймаслиги даркор.

Шаҳарнинг ҳали ўзлаштирилма­ган ҳудудларида қизғин жанг жа­раёнлари давом этмоқда эди. Ис­фаҳонликлар энди тўсиқлар ортида, уйларнинг томларида беркиниб уру­шишга ўтган эдилар. Ўша ерда ту­риб ўқ узишар, жангчиларимизнинг боши узра тош ёғдиришарди. Бунга жавобан жангчиларимиз уларнинг уйларини бузиб, истеҳкомларини яксон этмоқдан ўзга чора топмаёт­гандилар. Бундан хулоса шуки, улар жангчиларимни уйларини бузишга, ўзларини яксон этишга мажбур эт­моқда эдилар. Демакки, отаётган тошлари ўзларига қайтиб бориб, жароҳатламоқда эди. Вайронага ай­ланган шаҳарнинг ҳам гуноҳи асли­да уларнинг бўйнида.

Кўча жангларида Қувнарбек ва ўғлим Жаҳонгир ҳам иштирок эт­моқда эди. Жаҳонгир жанг чоғи бир масжидга дуч келибди. Исфаҳон­нинг энг катта масжиди экан у. Унда яшириниб олганлар, ўша ердан ту­риб жанг қилишаётган экан. Ўғлим жангчилари билан масжидни ўраб олиб, сўнг унга бостириб киришиб­ди. Қаршилик кўрсатганларнинг барчасини мавҳ этибди. Менинг қои­дамга амал қилиб улардан учтасини, ўзларини имом деб таништирганла­ри боис омон қолдирибди. “Қизиқ, бир масжидга ҳам учта имом бўла­дими”, деган шубҳа билан менинг ҳузуримга жўнатибди. Уларни сўроқ қилдим: “Ҳақиқатдан ҳам ҳар уччо­вингиз бир масжиднинг имоми бўл­сангиз, намоз вақти галма-галдан имомлик қиласизларми?”—деб сўра­дим улардан. Бири жавобга юзла­ниб: “Эй, Амир, биз навбатма-навбат эмас, бир вақтнинг ўзида имомлик қиламиз”,—деди. Унинг жавоби мени лол қолдирди: “Наҳотки! Сиз уч имом бир вақтнинг ўзида имомлик қиласизлар-у, қолганлар сизнинг ортингиздан эргашадиларми?”

Марсел Брионнинг «Менким, Соҳибқирон—Жаҳонгир Темур» китобидан.

Тошкент, «Янги аср авлоди» нашриёти, 2012 йил.