Халқ депутатлари туман Кенгашининг қирқ учинчи сессиясида

НАТИЖАДОРЛИК,  ИНСОН МАНФААТИ—БОШ МАҚСАД

Президентимиз Мурожаатномасидаги бу талаб ҳар бир депутат,

ҳар бир раҳбарнинг фаолият мезонига айланиши керак

Сессия Сессия 2

 

Халқ депутатлари туман Кенгашининг 31 декабр куни бўлиб ўтган сессиясида туман маҳаллий бюджетининг 2018 йилги параметрлари,  захирадаги ер майдонларида танлов ўтказувчи туман комиссиясининг 2017 йил 2 декабр ҳамда 30 декабрдаги йиғилишлари баёнлари кўриб чиқилди.

Сессияни халқ депутатлари туман Кенгаши раиси, ҳоким Баҳромжон Жуманов олиб борди. Депутатлар дастлаб туман маҳаллий бюджетининг 2018 йилги параметрлари юзасидан туман молия бўлими мудири Акрамжон Исмоиловнинг ахборотини тингладилар. У дастлаб 2017 йилги макроиқтисодий кўрсаткичлар ҳамда кутилаётган натижалар ҳақида тўхталди.

—Президентимизнинг Қарор ва Фармонлари асосида қулай макроиқтисодий муҳитни шакл- лантирилиши натижасида 2017 йил маҳаллий бюджетининг даромадлар қисми барча солиқ турлари бўйича 2016 йилга нисбатан 4 миллиард 692 миллион сўмга ўсиб, 34 миллиард 306 миллион сўмни ташкил этиши кутилмоқда,—дейди ахборот берувчи.—Маҳаллий бюджетларнинг молиявий мустақиллигини таъминлаш мақсадида 2017 йилдан бошлаб даромадлар прогнозининг ошириб бажарилган қисми тўлиғича маҳаллий бюджетлар ихтиёрида қолдирилмоқда. Йилнинг 9 ойида ана шундай маблағ 183 миллион сўмни ташкил этди. Бу кўрсаткич аввалги шу даврда 49,9 миллионни ташкил этган эди.—Нотиқ 2017 йил бошига шаклланган эркин қолдиқ маб- лағлари ҳамда чораклар давомида даромадлар режасининг ошириб бажарилган қисми ҳисобидан шаклланган жами 202,9 миллион сўм қандай мақсадларга йўналтирилгани ҳақида алоҳида тўхталди.

—Бошланаётган йил давлат бюджети лойиҳасини шакллантиришда Ўзбекистон Республикаси Президенти 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бў- йича Ҳаракатлар стратегиясида белгилаб берган устувор вазифалардан келиб чиққан ҳолда солиқ-бюджет сиёсатининг энг асосий йўналишларига эътибор қаратилди.

Солиқ сиёсати бўйича биринчи йўналиш:

биринчидан, Президентимизнинг солиқлар сонини қисқартириш ва солиқ юкини енгиллаштириш, биринчи навбатда, йирик корхоналар, базавий корхоналарни қўллаб-қувватлаш юзасидан берган топшириқларига мувофиқ, юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи (7,5 фоиз) ҳамда ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиқларини (8 фоиз) ягона солиққа—фойда солиғига бирлаштириш ва умумий ставкани амалдаги 15,5 фоиздан 14 фоизгача камайтириш;

иккинчидан,  пенсия жамғармаси (1,6 фоиздан 1,5 фоизгача), республика йўл жамғармаси (1,4 фоизда қолади), таълим ва тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини ривожлантириш жамғармаси (0,5 дан 0,3 фоизгача) мажбурий ажратмаларнинг умумий ставкасини 3,5 фоиздан 3,2 фоизга камайтириш таклиф этилмоқда;

учинчидан, ўсимлик ёғи бўйича акциз солиғи ставкасини (бир тоннаси учун 919 минг сўм эди) 50 фоизга қисқартириш ҳисобига фермер хўжаликлари даромадини кўпайтириш мақсадида пахта толаси ҳамда чигит нархини ошириш таклиф қилиняпти;

тўртинчидан, жисмоний шахслар даромадидан олинадиган солиқ юки даражасини пасайтириб, фуқароларнинг шахсий жамғариб бориладиган ҳисоб рақамларига ажратма миқдорини амалдаги 1 фоиздан 2 фоизгача ошириш кўзда тутилмоқда;

бешинчидан, якка тартибдаги тадбиркорлар учун қатъий белгиланган солиқ ставкаларини ўртача 30 фоизга пасайтириш орқали аҳолининг тадбиркорлик фаоллигини ошириш мақсад қилиб қўйилди.

Иккинчи йўналиш:

Президентимизнинг маҳаллий бюджетлар даромадлар базасини мустаҳкамлашни рағбатлантириш, маҳаллий ҳокимиятларнинг молиявий мустақиллигини таъминлаш юзасидан қатъий белгилаб берган топшириқлари юзасидан амалга оширилган ишлар ўз самарасини бермоқда. Тошкент шаҳридаги экспериментдан ўтган механизмни 2018 йилда республиканинг барча ҳудудларида қўллаш таклиф этилмоқда. Бунда қуйидагилар назарда тутиляпти:

биринчидан, маҳаллий ҳокимият ва солиқ органларининг фаолият самарадорлигини белгиловчи

-жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи;

-жисмоний шахслардан ер солиғи;

-тадбиркорлик фаолиятининг айрим турлари учун қатъий белгиланган солиқлар;

-бозорлардан тушадиган даромадлар;

-айрим турдаги товарлар билан савдо қилиш ва хизматларнинг алоҳида турларини кўрсатиш учун олинадиган йиғимлар туманларга қолдирилмоқда.

Иккинчидан, вилоят даражасида қуйидаги солиқларни вилоят ва туман маҳаллий бюджетларига уларнинг харажатларидан келиб чиқиб тақсимлаш таклиф этилмоқда:

-кичик корхоналардан ягона солиқ тўлови;

-ягона ер солиғи;

-юридик шахсларнинг ер ва мулк солиқлари;

-жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи.

Учинчидан, маҳаллий бюджетлар даромадлар базасини мустаҳкамлашни назарда тутувчи қуйидаги тадбирлар амалга оширилади:

-ягона солиқ тўловчи кичик корхоналар ер майдонининг бир гектардан ортиқ қисмига ер солиғи киритиш таклиф этилмоқда;

-жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни, шу мулкнинг бозор баҳосига яқин бўлган кадастр қийматидан олишга ўтилади.

Бунда солиқ солиш базасининг ўсиши—уйларнинг кадастр нархини белгилаш ҳисобига солиқ ставкасини 1,7 фоиздан 0,2 фоизгача камайтириш таклиф этилмоқда.

Бундан ташқари, ҳудудларнинг ижтимоий ҳолатидан келиб чиқиб, жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк солиғига камайтирувчи коэффициент қўлланилади.

-маҳаллий ҳокимият идораларига, айрим маҳаллий солиқлар бўйича, ҳудуд хусусиятларидан келиб чиқиб, базавий ставкаларни камайтирувчи (0,7) ва кўпайтирувчи (1,3) коэффициентлар қўллаш ҳуқуқини бериш таклиф этилмоқда.

Учинчи йўналиш. Бюджетнинг даромадлар базасини мустаҳкамлаш, табиий ва ишлаб чиқариш ресурсларидан тежамкорлик билан фойдаланишни рағбатлантириш ҳамда айрим турдаги маҳсулотлар истеъмолини оптималлаштириш мақсадида:

-ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқнинг қатъий белгиланган ставкаларини 15 фоизга индексация қилиш кўзда тутилмоқда.

-алкогол маҳсулотлари учун акциз солиғи ставкаларини маҳсулот турига қараб 10 фоиздан 27 фоизгача, пиво учун—20 фоизга индексация қилиш ҳисобига бюджетга қўшимча маблағ ундириш таклиф этилмоқда.

Бошланаётган йилда тумандаги барча солиқ тўловчилардан тушадиган даромад 36 миллиард 290,8 миллион сўмни ташкил этиб, бу маблағлар вилоят ва туман маҳаллий бюджетлари ўртасида тақсимланади. Туман маҳаллий бюджети даромадлари 17 миллиард 124,4 миллион сўмни ташкил этади. Маҳаллий бюджетнинг жами харажатлари эса 95 миллиард 517, 4 миллион сўм миқдорида белгиланиб, шундан ижтимоий соҳа харажатларига 86 миллиард 310,5 миллион сўм йўналтирилиши белгиланмоқда. Бу, жами харажатларнинг 90,4 фоизини ташкил этиб, таълим ва соғлиқни сақлаш муассасалари ходимларининг иш ҳақи ва ягона ижтимоий тўловлари учун 78 миллиард 392 миллион сўми юқори бюджетлардан трансфер шаклида қопланиши кўзда тутилган. 2018 йилда таълим харажатларига ўтган йилдагига қараганда 19,7 фоиз кўп, 58 миллиард 178, 7 миллион сўм маблағ ажратилмоқда.

Соғлиқни  сақлаш соҳасига 26 миллиард 489 сўм, ёки ўтган йилдагидан 12 фоиз кўп сарфланиши кўзда тутиляпти. Маданият харажатлари 1 миллиард 234 миллион сўм бўлиб, ўтган йилдагидан қарийб икки баравар ортиқдир. Ёшларни қўллаб-қувватлаш бўйича ягона солиқ тўлови учун ҳисобланган сумманинг 8 фоизи ёшлар иттифоқини ри- вожлантириш жамғармасига йўналтирилади. Иқтисодиёт харажатларига 3 миллиард 443 миллион сўм, давлат бошқарув органларини сақлашга бир миллиард 612 миллион, 2017 йилга нисбатан икки баравар кўп, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини сақлаш харажатларига 3 миллиард 206 миллион сўм ажратилмоқда. Шунингдек, Президентимиз талаблари билан маҳаллий ҳокимликлар ваколатини кенгайтириш, тумандаги мавжуд муаммоларни ҳал этиш мақсадида ҳокимликлар ихтиёрида 945,7 миллион сўмлик жамғарма ташкил этилмоқда.

Ҳавола этилган лойиҳа туман ҳокимлиги, халқ таълими, соғлиқни сақлаш ва бошқа соҳалар бўйича мутасадди раҳбарлар ҳамда халқ депутатлари туман Кенгашининг маҳаллий бюджетни шакллантириш ва ижро этиш, иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш ва тадбиркорликни ривожлантириш масалалари доимий комиссиясида кўриб чиқилиб, фикр-мулоҳазалар асосида ўзгартирилди ва ўзгартишлар киритилди. Давлат бюджетининг 2018 йилги лойиҳаси, шунингдек, маҳаллий бюджетларни шакллантириш бўйича барча масалалар амалдаги тартибга кўра, Республика Ҳисоб палатаси томонидан синчиклаб кўриб чиқилиб, маъқулланди.

Депутатлар бюджет ва солиқ сиёсатини янада такомиллаштириш бўйича чора-тадбирларни ҳамда маҳаллий бюджет лойиҳасини тасдиқлаб, қарор қабул қилдилар.

Сессия раиси кун тартибидаги учинчи масала юзасидан сўзлаб, ўтган йилнинг 22 декабр куни Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати, Қонунчилик палатасига видеоселектор тарзида мамлакатимиз тарихида биринчи бор кенг жамоатчилик иштирокида тақдим этган Мурожаатномасида бошланган йил ва яқин келажакда амалга оширилиши кўзда тутилаётган устувор вазифалар мақсад-моҳиятини англаб етиш ҳар бир депутат, ҳар бир раҳбар, ҳар бир фаолнинг эл-юрт, миллат олдидаги виждон ишига айланиши кераклигини алоҳида уқтирди.

—Мурожаатномада ҳар бир йўналишдаги масалаларнинг аниқ ечимлари кўрсатиб берилганлиги билан ҳам у фавқулодда катта ижтимоий-сиёсий воқеа бўлди,—дейди сессия раиси.—Шу боисдан ҳам у кенг жамоатчилик иштирокида қизғин ўрганилмоқда. «Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак» деган ғоя ҳар биримизнинг фаолиятимиз мезонига айланиши даркор. Президентнинг жойлардаги халқ қабулхоналари, Виртуал қабулхонаси фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлашнинг ўзига хос демократик институти сифатида амалда ўзини оқлади.

Раҳбарларнинг йўл қўйган хато ва камчиликларини бартараф этиш юзасидан шахсий жавобгарлиги кучайди.

Мурожаатномада Юртбошимиз мамлакатимиз иқтисодий сиёсатида нореал рақамлар ортидан қувиш, амалга ошмайдиган хом-хаёлларни ҳақиқат сифатида тақдим этишдек номақбул иш услубини қаттиқ танқид қилди. Амалий натижадорлик, инсон манфаати бугунги ислоҳотларнинг бош мақсади этиб белгилангани элнинг дилидаги иш бўлди. Янги йилнинг «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили» деб эълон қилингани янги фикр, янги ғоя, янги-янги инновацияларни қўллаш борасида изланишга, интилишга даъват этади. «Бизга қўшиб ёзувчилар керак эмас. Менга миллатни севадиган одам керак», дейди давлатимиз раҳбари.

Мавжуд имкониятлар етарли бўла туриб, бизда тадбиркорлик кутилганидек ривожланиб кетавермаётганининг боисини ҳам Президентимиз очиқ-ойдин кўрсатиб бердилар. Бунга давлат идоралари тўғаноқ бўлаётганини, жойлардаги амалдорлар фақат ўз манфаатларини ўйлаб эскича услубда иш юритаётганини куйиниб гапириб, Черчиллнинг шундай фикрини келтирадилар: «Баъзилар тадбиркор деганда соғин сигирни, фақат саноқлилар оғир аравани тортаётган меҳнаткаш отни тушунади». Бу ҳикматдан барча тоифадаги раҳбарлар тегишли хулосани чиқариб олишимиз зарур. Мурожаатномада тадбиркорлик субъектларини текширишни икки йилга тўхтатишни таклиф қилганлари ҳам бу ҳаракатдаги сунъий ғовларга барҳам бериши шубҳасиз. Эндиликда тадбиркорларнинг ҳақ-ҳуқуқларини прокуратура идоралари ҳимоя қилади. Нопок тадбиркорларга ҳам қонуний нуқтаи назардан муносабат билдириш керак.

Эндиликда фуқароларнинг парламентга электрон мурожаат қилишлари имконияти яратилгани, бир гуруҳ фуқаролар томонидан илгари сурилган ташаббусларни Олий Мажлис ёки халқ депутатлари кенгашлари кўриб чиқиши мажбурийлиги қонунда белгилаб қўйилиши, интернет тармоғида «Менинг фик- рим» веб-саҳифаси ташкил этилиши алоҳида таъкидланди. Аҳолига хизмат кўрсатувчи идораларда бюрократияга барҳам берувчи тизим яратилаётгани, Давлат хизматлари агентлиги ишга тушиши билан бу борадаги кўплаб муаммолар ҳал этилиб, фуқароларга қулайлик яратилиши одамларнинг дилидаги иш бўлди.

Мурожаатномада парламент депутатлари ҳамда сенаторлари фаолиятига танқидий муносабат билдирилиб, уларнинг сиёсий-иқтисодий жараёнлардаги иштирокини кучайтириш, демократияни энг қуйи тузилма—туманлардан то республика идораларига қадар чекловлар ва мувозанат тизимини ишлатиш, охирги пайтларда функционал вазифаларидан анча четга чиқиб кетган ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, хусусан, Ички ишлар вазирлиги, Миллий хавфсизлик хизмати, Прокуратура, Давлат солиқ қўмитасининг тадбиркорлик фаолиятига аралашуви, манфаатли «текшир-текшир»ларга чек қўйиш зарурлиги қатъий талаб қилинди. Давлат раҳбари «Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар тўғрисида» ва «Миллий хавфсизлик хизмати тўғрисида»ги Қонунларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш таклифини билдирди.

Ижро ҳокимияти органлари фаолиятини такомиллаштириш, кадрлар, моддий ресурслардан оқилона фойдаланиш, масъулият доирасини аниқ белгилаш, иқтисодий тармоқларга маъмурий таъсирларни  қисқартириш, яъни давлат иштирокидаги бизнес тузилмаларини ташкил этишни чеклаш, унинг айрим функцияларини хусусий секторга ўтказиш, ўта марказлашган бошқарувдан босқичма-босқич воз кечиш, маҳаллий ҳокимият идоралари учун молиявий ва бошқа имкониятларни кенгайтириш, бошқарувнинг инновацион шаклларини, коррупцияга қарши таъсирчан кураш механизмларини жорий этиш зарурлиги уқтирилди. Халқ депутатлари туман Кенгашларининг роли, депутатлар ваколатларини ошириш, ҳокимларнинг ҳам маҳаллий кенгашларга, ҳам ижро ҳокимиятига раҳбарлик қилиши демократик принципларга мос келмаслиги асослаб берилди.

Президентимизнинг чет элларда ўқиб, яшаётган, Ватанига қайтиш истагида бўлган ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун Ўзбекистон ёшлари халқаро ассоциациясини тузиш таклифи парламент ҳамда бутун жамоатчилик томонидан қўллаб-қувватланди. Ақидапарастлар, турли диний оқимларга кириб қолганларнинг чинакам ислом тараққиёти марказларидан бири бўлган мамлакатимиздан чиқаётгани кечирилмас ҳол эканини, бунинг учун маҳаллаларнинг ўз эгалари, шунингдек, диний уламолари жон куйдириши зарурлиги алоҳида таъкидланди.

Халқаро валюта фонди маълумотларига кўра, Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотнинг даромад қисми киши бошига ҳажми бўйича 187 давлат ўртасида 134-ўринга тўғри келиши мамлакатимиз бой салоҳияти ва ресурсларига тўғри келмаслиги Мурожаатномада ачиниш билан тилга олинди. Давлатимиз раҳбари олдинда турган бундай муаммоларни ҳал этиш, кўндаланг турган вазифаларни бажариш учун Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепциясини оғишмай амалга ошириш даркорлигига эътибор қаратди.

Сессия раиси Б. Жуманов ҳоким ўринбосарлари ва барча раҳбарларга Мурожаатномадан келиб чиқадиган вазифалар ижросини таъминлашга қаратилган «йўл харитаси»ни уч кун муддатда ишлаб чиқиб, ижрога қаратиши, унинг мазмун-моҳиятини, белгилаб олинган вазифаларнинг кўламини масъулларга, кенг жамоатчиликка етказишда депутатлар фаол иштирок этиши зарурлигини уқтирди. Сессия барча соҳаларда натижадорликка эришиш, инсон манфаатларини бош мақсад қилиб белгилаган Мурожаатномадан келиб чиқадиган вазифалар ижросига қаратилган қарор қабул қилди.

Шунинг билан сессия ўз ишини якунлади.

«Истиқбол йўли» мухбири.