Халқ депутатлари туман Кенгашининг қирқ тўртинчи сессияси

ҲИСОБОТ ҲИСОБОТ УЧУН ЭМАС

Балки амалга оширилган ишлардан хабардор этиб, мавжуд камчиликларни бартараф этиш учундир

Халқ депутатлари туман Кенгашининг 23 январ куни ҳокимликнинг катта мажлислар залида бўлиб ўтган навбатдаги сессиясида депутатлар қатори ҳоким ўринбосарлари, ҳуқуқ-тартибот идоралари, сиёсий партиялар, тегишли ташкилотлар раҳбарлари, ўзини ўзи бошқариш органлари раислари, оммавий ахборот воситаси вакиллари иштирок этдилар. Сессияга халқ депутатлари туман Кенгаши раиси Баҳромжон Жуманов раислик қилди.

Сессия жиноят ишлари бўйича туман судининг раиси Ш. Шамшиев, туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Бахтиёржон Абдураҳмоновларнинг 2017 йил давомида амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисоботларини тинглаб, муҳокама қилди.

—Туман суди томонидан йил давомида ўтказилган очиқ мулоқотлар, сайёр судларда халқ депутатлари туман Кенгашига сайланган бирорта депутат иштирок этмади,—дейди сессияда ҳисобот берар экан, Шавкатжон Шамшиев.—Ваҳоланки, судга мурожаатларнинг аксарияти ижтимоий соҳаларга оид бўлиб, уларнинг асосий қисми депутатлар орқали ҳал этилиши мумкин бўларди. Шунингдек, Ватан, Оқтепа маҳаллаларида яшовчи икки нафар вояга етмаган қизлар оиладаги носоғлом муҳитдан бош олиб чиқиб кетсалар-да, ҳолатдан на маҳалладагилар ва на депутатлар хабардор эмаслиги ачинарлидир (ҳар иккала ҳисоботнинг тўла тафсилоти билан газетамизнинг келгуси сонида танишасиз).

Сессияда халқ депутатлари туман Кенгаши депутатларининг хорижий мамлакатларга хизмат сафарига чиқиш тартиби ҳам кўриб чиқилди. Сессия кун тартибидаги масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилди.