Муштарийнинг қалб садолари

ШАВКАТИМ СЕНГА

Яратгандан тинчлик сўранг, бахт сўранг,

Болаларга қувонч сўранг, тахт сўранг,

Бахтли дамда ортингизга бир қаранг,

Кетдим мен сафарга, боқий дунёга.

 

Юртимни бошладим истиқлол сари,

Халқимга суяндим истиқбол сари,

Етаклаб элимни бахт-иқбол сари,

Кетдим мен сафарга, боқий дунёга.

 

Аждодларим руҳи қўлласин, халқим,

Аллоҳ сабр берсин, ёд этса ҳар ким,

Савоб иш қилмоққа интилинг ҳар кун,

Кетдим мен сафарга, боқий дунёга.

 

Эй азиз Ватаним, меҳнатим сенга,

Эй азиз ўзбегим, шавкатим сенга,

Халқим, сенга таъзим, раҳматим сенга,

Кетдим мен сафарга, боқий дунёга.

Фарҳоджон УМУРЗАҚОВ,

Қораариқ қишлоғи.

 

 

ХОТИРАНГИЗ МАНГУ ЯШАР ҚАЛБИМИЗДА

Ислом бобо, доим бизни ўйладингиз,

Элим деган сўзни тилдан қўймадингиз,

Ҳар дам эзгу амалларга бўйладингиз,

Хотирангиз мангу яшар қалбимизда.

 

Ёш-қарига бирдек ғамхўр бўлолдингиз,

Келажакни ўйлаб чора кўролдингиз,

Фарзандларга қалб тўрингиз беролдингиз,

Хотирангиз мангу яшар қалбимизда.

 

Сиз бошлаган ёруғ йўлдан боражакмиз,

Сўзларингиз доим ёдга олажакмиз,

Сиз истаган ўғил-қизлар бўлажакмиз,

Хотирангиз мангу яшар қалбимизда.

Лобарой ОМОНОВА,

34-умумтаълим мактаби ўқувчиси.