Муаммо, мулоҳаза, таклиф

БУ ҚАРО КЎЗ КИМНИНГ ЗУРРИЁТИ?

Бу каро коз

“Оилада уч фарзандмиз,—дея ёзади яқиндагина турмуш қурган келинчак.—Синглим коллежда, укам мактабда ўқийди, ҳали вояга етишгани йўқ. Ҳаётимда юз берган бир воқеа сабаб Сизга юрагимдагини тўкиб-солгим келди. Фақат бир илтимос, менинг кимлигимни ошкора ёзмасангиз. Юрагим тўлиб кетганидан, кимгадир айтиб, ёрилишим керак бўлиб қолганидан туширяпман ушбу сатрларни.

Биз гарчи отамиз тирик бўлсалар-да, бир кўзлик билан дунё танидик. Бувимнинг ай-    тишларига қараганда, отам онам билан кимларнингдир ҳайбаракалласига учиб ажрашиб кетишган экан. Онам, бизни ўйлаб бўлса керак, турмуш қурмабдилар. Отам тез орада уйланиб, икки фарзандли бўлишга ҳам улгурибдилар. Аммо у кишини ҳозир кўрсам мен ҳам, укаларим ҳам танимаймиз. Онам ўшанда аччиқ устида бизга бериладиган нафақадан ҳам воз кечган эканлар.

Нолимаймиз, онамиз ҳам мактабда ишлаб, ҳам уйда чеварчилик қилиб, бизни ҳеч нарсадан кам қилмай боқдилар, боқяптилар. Лекин барибир мен ва укаларимга нимадир етишмасди. Ҳеч қачон бағри бут ўртоқларимиз қатори юракдан чиқариб кула олмасдик. Мен мактабни аъло баҳоларга битирдим. Олий ўқув юртида давлат бюджети асосида ўқидим. Онам елиб-югуриб мени узатишга тайёргарлик кўрардилар. Мен эсам сеп-сидирға ҳақида эмас, ҳеч бўлмаганда тўйим куни отам келиб кузатармикин, деган умид билан яшадим. Охири фикримни онамга айтдим. Қанчалар оғир бўлмасин, онам бояқиш не умидлар билан таклифноманинг биринчисини отамнинг номига ёздилар. Кўнглимдан эса мени едириб- ичирмаган, кийдирмаган бўлсалар ҳам хонадондан чиқиб кетаётганда бўйнига осилиб йиғлаб хайрлашадиган одам—отам тўйга келсайди, деган ўй айланаверарди. Бўлажак турмуш ўртоғим менинг ҳам отам борлигини кўришларини жуда-жуда истардим-да.

Хонадонимизда тўй бўляп-ти. Тоғаларим, онамнинг ишхонасидагилар, маҳалла-кўй, ўртоқларим, синфдошларим, курсдошларим, ҳамма-ҳамманинг табригини қабул қиляп- ман-у “тўйга даданг келди” деган хушхабарнигина кутиб аланглайман. Келин-куёв иккимизни никоҳ маросимига йўллашиб, катталар фотиҳа беришяпти-ю юрагимга қил сиғмайди. “Бари-бир улар орасида отанг йўқ-да”, дея унсиз йиғлайди кўнглим. Аммо кўзларим ёлғизқўллик билан тўй қилаётган онажонимнинг жовдираган кўзларига тушиб, у киши ҳам мендан-да ортиқ қийналаётганини ҳис қиламан-у ўзимни дадилликка оламан, келаётган кўз ёшимни ичимга ютаман.

Шундай қилиб, отам тўйга келмади. Ота- онам тақдири айро тушишига нима сабаб билмадим, аммо бу ажрим биз фарзандларни ота  меҳридан жудо қилмаслиги керак эди-ку! Баъзан отасиз ўксик улғайишимизга онам ҳам сабабчимикин, дегим келади. Бироқ, ҳали-ҳамон ёдимда. Мен олти-етти ёшларда бўлсам керак, онам бечора укамни кўтариб, мен ва  синглимни етаклаб, анча йўл босиб отам ишлайдиган жойга боргандик. Ўшанда кимдир у киши бугун ишга келмадилар, деди. Биз эндигина қайтаётган пайтимизда бир аёл чиқиб “у киши шу ерда эди, сизларнинг қорангизни кўриб, нариги эшикдан қочиб чиқиб кетди” дегани ҳам эсимда. Ҳа, бундай отанинг боридан йўғи афзал экан! Бундан кўра ўлиб кетган бўлганларида, шунчалар афсус-надомат чекмаган бўлармидик…”

Мактубни ўқиб туриб ойнаи жаҳонда кўрганим бир ҳодиса кўз ўнгимга келади. Ўшанда эндигина болалаган буйвол (хўкизга ўхшаб кетаркан) бир амаллаб боласини оёққа турғазиб, пода томон етак- лайди. Шу топда пода атрофида ўралашган уч-тўрт қашқир тўдадан орқароқда қолаётган она-болага яқин кела бошлайди. Ҳозиргина туғиб, анча куч йўқотган она буйвол боласини қашқирлардан ҳимоя қилишга шунчалар уринмасин, ёлғизлик қилади. Шу топда йигирма-ўттиз метрлар узоқлашиб қолган пода орасидан норғулгинаси, юраги сездими, орқага қараб, аҳволни англади-да, ўзини хавф-хатарга қўйиб бўлса-да, важоҳат билан қашқирлар томон отилди. Унга эргашиб беш-ўн ҳайвон қашқирларга ҳамлага ошиқди. Тўпдан қўрққан йиртқичлар чекинишдан бошқа илож тополмади. Шу топда аҳволни шарҳлаётган муаллиф: “Ҳозиргина дунёга келган буйволча ва онасини эркак ҳайвоннинг уларга бўлган муҳаббати асраб қолди. Подани ортга бошлаган мана шу кичкинтойнинг отаси эди” деганди, ҳайвон боласини экран олдига келтириб.

Одамни ҳайратлантирадиган ҳодиса, тўғрими? Ёруғ дунёнинг энг онгли мавжудоти—инсон баъзан ҳайвон қила оладиган ишга ҳам қодир бўлмайди-я! Қаранг, ҳатто парранданинг жуфти ҳам полапони қанот чиқариб, мустақил учадиган, ризқини топа оладиган бўлмагунча ташлаб кетмас экан. Ахир биз инсонмиз-ку! Бугун отаси, баъзан онаси ҳаёт бўла туриб қанча-қанча фарзандлар меҳрибонлик уйларида тарбияланаётгани ачинарли. Ҳа, улар давлат болалари, ҳеч нарсадан кам қилмай улғайтириб олади. Аммо ҳеч ким ҳеч қандай бойликка топилмайдиган ота ёки она меҳрини беролмайди-да. Бу, менинг назаримда, миллатимизнинг атворига ёт нарса аслида. Оилавий ажримлар ортидан битта оиланинг ўзида уч, икки, бир, вилоят, республика миқёсида бир неча минглаб тирик етимлар асосан ота меҳрига зор ўсмоқдалар. Балки улар юқоридаги мактуб эгаси каби моддий томондан қийналмас, аммо уларга ҳеч ким бера олмайдиган ота меҳри ўрнини ким тўлдиради?!

У бўлмаса, бошқаси дея яна бир “онаси ўпмаган”ига уйланиб, бола-чақа орттириб кетаётган эркак, бандадан уялмадингиз, уялганингизда, эркаклик ғурурингиз мудрамаганида кўзи жовдираб турган болангизни, онаси ҳар қанча ошириб юборганда ҳам, аро йўлда қолдирмасдингиз, Худодан қўрқинг! Қонунан ҳам, шаръан ҳам сиз унинг олдида бир умрга бурчлисиз. Ахир у Сизнинг зурриётингиз!

Баъзан, “боласи бўлса, алиментини оляпти” дея ўдағайлашиб қўйишади собиқ эр томонидагилар. Аввало, аксарий алиментлар бугунги шароитда арзимаган пул. Собиқ хотину боласининг этагини зарга тўлдирган бойвачча бўлганда ҳам бу бойлик ота меҳри ўрнини боса олармиди? Кўзи жовдираган бола кўксидаги ўксиклик доғини ювармиди? Асло! Қаттиқ нон, қайноқ сув ичса ҳам ота-она бақамти бўлиб, бир дастурхон атрофида ўтиришига нима етсин! Ҳаётий кузатишлар шуни тасдиқлаб турибдики, тирик етимликда улғайган одам катта бўлганда ҳам кўзидаги мунг сақланиб қоларкан. Бу унинг қалби, кўзи ҳаёт бўла туриб ота ёки баъзан она меҳрига тўймаганидандир балки.

Оила аталмиш муқаддас даргоҳнинг пушти-паноҳи бўлган эркаклар! Яратган Сизни оталикдек буюк неъмат билан сийлаган экан, Оиладек қутлуғ қўрғон билан боғлиқ қадим қадриятларимиз илдизлари Меҳр, Оқибат, Мурувват сингари инсоний фазилатлар тафтидан баҳраманд бўлиши учун Орият, Садоқат, Бурч сингари     мудраб ётган туйғуларни уйғотмасангиз, зурриётингиз бир умрлик армон гирдобида қолаверади. Охиратда бунинг сўрови қаттиқ бўлади, дейдилар.

Жонингиздан жон бериб дунёга келтирган зурриётингиз бағри бутлиги Сизнинг Муҳаббатингиз, Матонатингиз, Сабрингиз билан ўлчангай, онаизорлар! Агар Сиз хоҳласангиз Меҳрибонлик уйлари ҳувиллаб қолиб, бирор қора кўз меҳр илинжида жовдираб юрмагай.

Сиз-чи, Яраштириш комиссиялари, хотин-қизлар қўмиталари, оила институти мутасаддилари! Агар Сиз Президентимизнинг шу йил 2 февралдаги Фармонларига кўра оёққа турсангиз, тирик етимлик илдизига болта урилиши та- йин. Токи, асли инсон насли бўлган буюк мавжудот фарзанди кўзида мунг, қалбида доғ бўлмасин.

Шариат йўлида энг қабиҳ сўзни тилга олмоқчи, қонуний ажримга имзо чекмоқчи биродар, яна бир карра ўйланг, шайтонга ҳай беринг, мана бу жовдираб турган неъмат—ўғил ёки қиз эртаси учун шундай қилинг. Ахир У Сизнинг зурриётингиз. Уни бир умрли армон ўтига отмай десангиз, шаштингиздан қайтинг!

Жамиятнинг кучи барқарор оилалар билан белгиланар, бу муқаддас қўрғонлар қомусимиз меъёрлари бўйича давлат ва жамият ҳимоясида экан, унга беписанд муносабатлар барҳам топиши учун ўрни келса, кескин чоралар кўриш вақти келди. Таҳлил қилинганда, ажримларнинг аксарияти ўзаро келишмовчилик важи билан изоҳланади. Аслида оила ўзаро келишув асосида барпо бўлган эмасми?! Оиладагилар келишолмаётган экан, бир, икки, уч… фарзандли бўлгунча кутишга не ҳожат эди?! Оталик, баъзан оналик бурчини унутиб, вояга етмаган фарзандларни аро йўлга ташлаб, ажрим йўлини танлаган ташаббускор томонга худди ривожланган мамлакатлардагидек давлат божи миқдорини кескин ошириш зарурмикин? Гарчи ноқонуний никоҳлар учун маъмурий жазодан ташқари жиноий жазолар қўлланилиши белгиланса-да, ҳамон бундай ҳолатлар камайгани йўқ. Боиси, қонунга киритилган қўшимча ва ўзгаришлар турмушга татбиқ этилмаяпти ҳисоб. Бу, қўшхотинлик иллатини ҳам бардамалатаётгани ҳеч кимга сир эмас. Оила, демакки, жамиятдаги ахлоқ нормаларини бузиб, кўнгил кўчаларида сарсари кезаётганлар қаро кўз фарзандлар олдидаги бурчини англаб етиши учун ҳам шундай кескин чоралар зарурдир, Сиз нима дейсиз, азиз муштарий?

Хадичахон КАРИМОВА.