«Ғунча» қизалоқлари ижодидан

БОЛАЛИГИМ

Бахтли болалигим, тарк этма мени,

Иссиқ қучоғингга боғланиб қолдим.

Жажжи юрагимни ёритар қуёш,

Кун чиқар томонга термулиб қолдим.

 

Бахтли болалигим, тарк этма зинҳор,

Онамдек бағрингга чорлайвер мени.

Беғубор меҳрингдан завқланиб яшай,

Покиза қалбимда асрайман сени.

Бахтли болалигим, тарк этма мени,

Олтин бешигингдан тушгим келмайди.

Эзгулик ва бахтнинг тимсоли ўзинг,

Сенсиз орзуларга етиб бўлмайди.

Сарвиноз ТУРСУНОВА,

40-умумтаълим мактабининг 7-синф ўқувчиси.

 

Ватанжон

Бахтли болалигим – қувончли олам,

Қалбимга йўлолмас мусибат ва ғам.

Бир куним шодлиг-у, бир куним байрам,

Раҳмат бари учун, Ватан, Ватанжон!

 

Келажакка чорлар жўшқин ирмоқлар,

Кундан-кун бўй чўзар мевазор боғлар.

Обод шаҳарлар-у, обод қишлоқлар

Раҳмат бари учун, Ватан, Ватанжон!

 

Юртбоши бош бўлди тараққиётга,

Бизларни етаклаб нурли ҳаётга,

Қадрият айланди ҳаёт-момотга,

Раҳмат бари учун, Ватан, Ватанжон!

Юртим олмос қаср, муҳташам, кўркам,

Олтин ғишт қўймоққа тайёрман мен ҳам,

Биз, ўзбек ёшлари бардаммиз, бардам,

Раҳмат бари учун, Ватан, Ватанжон!

Мухлиса ЗОКИРЖОНОВА,

20-умумтаълим мактабининг 7-синф ўқувчиси.

 

 

ДИЛ ТУҒЁНИ

Мени юрагингда келасан асраб,

Қувончим аллалар ҳар бир онимни.

Покиза соғинчлар келади излаб,

Умиддан яралган гул маконимни.

 

Мени кўзларингда келасан асраб,

Туйқус туманларда ўтди қанча йил.

Ҳар бир япроқларни силаган чоғим,

Эзгу одимларга қўшилар кўнгил.

 

Кўча кезаётган болалигимга,

Тўптош ўйинларин ўргатгим келди.

Мен учун яшадинг, “болам-болам” деб,

Бахт шамоли юзим сийпалаб елди.

Бўлди, йиғиштирай эркаликларим—

Бу хаёл қалбимда кезар дафъатан,

Қайғурдинг, қайғумни ўзиннга олиб,

Энди Сенинг учун яшайман, Ватан!

Шоҳсанам ОМОНОВА,

20-умумтаълим мактабининг 8-синф ўқувчиси.

 

 

ТИЛАК

Қуёш бўлсам, кўкда тобланиб,

Муҳаббатнинг куртагин очсам.

Севинчимдан нурга айланиб,

Нур-зиёни борлиққа сочсам.

Ёмғир бўлсам, ернинг қаърига,

Томчилардан салом етказсам.

Қўл силтабон ғам-андуҳларга,

Диллардаги ғамни кетказсам.

 

Юлдуз бўлсам, само юзида,

Оймомонинг қизи бўлардим.

Етти иқлим соғинаётган

Зуҳро юлдуз изи бўлардим.

 

Шабнам бўлсам, ғунча лабида,

Аксин кўриб ёшарса олам.

Бор муҳаббат ва эзгуликка,

Бутун умр бўлолсам малҳам…

Оминахон ЖАББОРОВА,

5-умумтаълим мактабининг ўқувчиси.