Ҳунардан—унар

ЭНГ МОҲИР ДЎППИДЎЗ ҚИЗ

Доппидоз киз

Бой тарихга эга халқимиз ўзининг қадим анъана ва қадриятлари билан дунёга довруғ таратиб келади. Айниқса, миллий ҳунармандчилигимиз намуналари ўзига хослиги-ю ранг-баранглиги туфайли жаҳон маданий мероси майдонида юксак баҳоланади. Дўппидўзлик ҳам шу жумладан бўлиб, момолардан мерос қолган ҳунар сифатида бугунги кунда авлоддан-авлодга ўтиб ривожланиб келмоқда.

Ўзбекнинг миллий бош кийими бўлмиш дўппи фахру ғуруримиз рамзи ҳамдир. Шундай экан, бугунги кунда умумтаълим мактабларида ўқувчиларга технология фани доирасида дўппидўзлик сир-асрорлари ҳам ўргатилаётгани айни муддаодир. Айтиш керакки, алоҳида режа асосида ўқитиб-ўргатилаётган бу касб ўғил-қизларимизни меҳнаткаш ва уқувли қилиб ўстириш, ватанпарварлик руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этаётир.

Мактабимизнинг 9-синф ўқувчиси Машҳурахон Қодирова ана шундай эпли ва тиришқоқ ёшлардан. У болалик чоғиданоқ бувиси Муяссархон ая ҳамда онаси Моҳирахонларнинг ёнига кириб, дўппи тикиш санъатини қунт билан ўрганган. Шунингдек, мактабда технология фани бўйича “Моҳир қўллар”, “Баркамол авлод” марказидаги “Дўппидўзлик” тўга- раклари машғулотларида фаол қатнашиб, ушбу ҳунарнинг тарихи, дўппи тайёрлаш технологияси ва усулларини ўрганиб келяпти. Кашта тикиш, турли тақинчоқлар,  сумкалар тикишнинг ҳам ҳадисини олишга интилмоқда.

Ўзи тайёрлаган ижод маҳсуллари билан “Баркамол авлод” марказида ўтказилган танловда иштирок этиб, туман ҳамда вилоят босқичида ғолиб бўлган Машҳурага республика босқичига берилган йўлланма қанот бахш этди гўё. Устозлари М. Бўтабоева, М.Холиқова ва онажониси ёрдамида пухта тайёргарлик кўриб, маҳоратини янада оширди. Хоразмнинг Хива шаҳрида бўлиб ўтган якуний босқичда унга омад кулиб боқди. Вилоятимиз шаънини муносиб ҳимоя қилган Машҳурахон мутлақ ғолиб деб топилди.

Унинг бу муваффақиятидан энг аввало биз, устозлари беҳад қувондик. Таълим даргоҳимизда ўқув йили якуни бўйича ўтказилган тадбирда қўли гул дўппидўз қизимиз туман прокуратураси, Ёшлар иттифоқининг туман кенгаши, “Баркамол авлод” маркази ҳамда мактаб маъмурияти томонидан муносиб тақдирланди. Ҳозирда ўз ҳунарини тенгдошларига ўргатишга астойдил киришган ўқувчимиз келажакда ушбу йўналишда янада униб-ўсиб, тадбиркорлик ишларини ҳам йўлга қўйишига ишонамиз.

Омадхон ШОКИРОВА,

11-умумтаълим мактаби директорининг ўринбосари.