• Home »
  • Bosh sahifa »
  • Халқ депутатлари туман Кенгашининг 52-сессиясида

Халқ депутатлари туман Кенгашининг 52-сессиясида

БУГУННИНГ ТАЛАБИ: МАСЪУЛИЯТ,  ИШЧАНЛИК ВА НАТИЖА

Сессия

Ҳар бир фаол ва раҳбар шиддаткор замон талабига жавоб бера оладиган, зиммасига юклатилган вазифани масъулият билан бажариб, кўзланган натижага эришишда собитқадам бўлиш билан бирга, тараққиётни ҳаракатга келтирувчи катта куч бўлган одамларни рози қилиш учун бор имкониятни ишга сола биладиган бўлиши бугуннинг қатъий талабидир. Халқ депутатлари туман Кенгашининг шу йил 6 июлда бўлган сессияси ана шу руҳда ўтди. Сессияни Кенгаш раисининг ўринбосари А.Ғафуров бошқарди. Депутатлар сессия котиблигига депутат Искандарбек Каттабековни сайладилар.

 

Сессия ишида халқ вакиллари қаторида сиёсий партиялар, тегишли ташкилотлар раҳбарлари, туман ҳокимининг ўринбосарлари, маҳалла фуқаролар йиғини раислари, оммавий ахборот воситаси вакиллари, шунингдек, туман ҳокими вазифасини бажарувчи Илёс Новиков иштирок этдилар.

Сессия туманнинг маъмурий-ҳудудий чегарасига ўзгартиш киритиш, туман ҳокимининг инвестициялар, инновациялар, хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш, кичик саноат зоналари ҳамда туризмни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Нодирбек Холтожиев, туман Давлат солиқ инспекцияси бошлиғининг биринчи ўринбосари А. Қосимов, туман молия бўлими бошлиғи А. Исмоиловларнинг биринчи ярим йилликда амалга оширилган ишлар тўғрисидаги ҳисоботларини тинглаб, муҳокама қилди.

Биринчи масала юзасидан туман ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Баҳромжон Қурбонов қисқача ахборот берди. У Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 12-13 июн кунлари вилоятимизга ташрифи чоғида берган топшириқлари ва Олтиариқ туманида вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича долзарб вазифалар муҳокамасига бағишлаб ўтказган йиғилиши баённомаси 4 ва 5-бандларининг ижросини таъминлаш мақсадида Фурқат тумани тугатилиб, унинг ҳудуди Бешариқ, Данғара, Ўзбекистон туманларига қўшиб берилиши, Қўқон, Марғилон шаҳарлари ва Фарғона, Риштон, Қўштепа, Учкўприк, Сўх туманлари чегараларини ўзгартириш тўғрисидаги таклифга кўра, туманимиз маъмурий ҳудудидан маълум гектар ер майдони Марғилон шаҳар маъмурий-ҳудудий таркибига ўтказилаётганини харитадан кўрсатиб, сессия иштирокчиларига тушунча берди.

Масала юзасидан депутат Т. Абдуқодирова, туман ҳокими вазифасини бажарувчи И. Новиковлар ўз фикрларини билдиришди. Депутатлар масала юзасидан тегишли қарор қабул қилишди.

Кун тартибидаги иккинчи масала юзасидан ҳисобот берар экан, туман ҳокимининг ўринбосари Н.Холтожиев туманни 2018-2019 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури доирасида жами қиймати 90 миллиард 408 миллион сўмга тенг 57 та инвестиция лойиҳалари амалга оширилиши режалаштирилгани, уларнинг 21 таси саноат, 24 таси қишлоқ хўжалиги, 12 таси хизмат кўрсатиш ва сервис йўналишларида бўлиб, лойиҳалар рўёбга чиқарилиши натижасида 900 ишчи ўрни яратилишини айтиб ўтди. Таъкидланишига қараганда, Туркия фермерлари билан ҳамкорликда Хумдон ҳудудида 13,2 гектарга узумчиликни ривожантириш бўйича 1 миллион 750 минг АҚШ доллари миқдорида интенсив боғ ҳамда замонавий музлаткич ташкил қилиш учун таъсисчилар билан музокаралар олиб борилмоқда. Корхона йилига 750 тонна мевани сақлаш қувватига эга бўлади.

Ҳисоботда давлат раҳбарининг тегишли қарорлари ҳамда вилоят ҳокимлиги ва прокуратура ўртасида тузилган қўшма фармойиш асосида қурилиши тугалланмаган ва фойдаланилмаётган бино-иншоотлар, ишлаб чиқариш майдонларини хатловдан ўтказиш бўйича тузилган ишчи гуруҳи олти ойда 245 та объектларни аниқлагани, ҳозирда иншоот эгалари билан биргаликда инвестиция лойиҳалари асосида тармоқ жадвали ишлаб чиқилгани, улар ишга тушса, яна 521 ишчи ўрни яратилиши таъкидланди. Йўлдош- обод маҳалла фуқаролар йиғинида 1,29 гектар майдонда кичик саноат зонасини ташкил этиш бўйича қарор лойиҳаси Вазирлар Маҳкамасига юборилди.

Нотиқ туризмни ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ишлар, туманнинг тарихий-маданий меросини кенг тарғиб қилиш ҳамда туристлар ташрифини йўлга қўйиш мақсадида Қўштепа тарихий-маданий музейи ташкил этилиб, унга экспонатлар йиғиш давом этаётганига ҳам алоҳида тўхталди. Учинчи масала юзасидан туман Давлат солиқ инспекцияси бошлиғининг ўринбосари Абдурасул Қосимовнинг ҳисоботи ҳам тингланди.

Туман молия бўлими мудири Акрамжон Исмоилов маҳаллий бюджетнинг биринчи ярим йилликдаги ижроси тўғрисида маърузасида даромадлар ва харажатларга алоҳида тўхталди. «Маҳаллий бюджет даромадлари солиқ турлари бўйича таҳлил қилинганда,—дейди нотиқ,—айрим солиқ турлари бажарилмай қолингани маълум бўлди. Булар кичик ва микрофирмалар учун ягона солиқ, юридик ва жисмоний шахсларнинг мол-мулк солиғи, жисмоний шахсларнинг ер солиғи, бозорлар даромадидан тушум, маҳаллий йиғимлар режаси кабилардир. Бу соҳаларда ярим йиллик режа 97-59 фоиз атрофида қолиб кетди.

Ҳисобот берувчи маҳаллий бюджетнинг олти ой учун режалаштирилган 51 миллиард 547,7 миллион сўм харажатининг 32 миллиард 29,8 миллион сўми (97,5%) таълим,  12 миллиард 765,8 миллион сўми (98,1 %) соғлиқни сақлаш, 684, 5 миллион сўми (90 %) маданият ва спорт муассасалари ҳамда бошқа соҳаларга йўналтирилгани бўйича тўла маълумотлар берди.

Шунингдек,  Вазирлар Маҳкамасининг ўтган йил 29 июндаги «Маҳаллий бюджетларнинг даромадлар базасини кенгайтириш, захираларини аниқлаш ишларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижроси бўйича туман Давлат солиқ инспекцияси ва молия бўлими раҳбарларининг қўшма буйруғи асосида ўтган олти ойда давлат рўйхатидан ўтмай тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган 139 та субъект рўйхатдан ўтказилгани натижасида маҳаллий бюджетга 277,1 миллион сўм, жисмоний шахсларнинг мол-мулк ва ер солиқлари бўйича жами 2482 та хонадон ўрганилиб, 976 та хонадоннинг 894,7 минг квадрат метр ер майдони солиққа тортилмаганини аниқлаш ҳисобига 62,2 миллион ва бошқа тадбиркорлик субъектлари бўйича жами бўлиб 640,3 миллион қўшимча даромад манбалари аниқланди. Шунингдек, ўрганишлар натижасида фуқароларга тегишли бўлган 256 та юк атомобиллари эгалари тегишли тартибда рўйхатдан ўтмай фаолият кўрсатаётгани маълум бўлди. Улар рўйхатдан ўтказилса, туман маҳаллий бюджетига фақат бир ойда 95,9 миллион сўм қўшимча даромад қилинади. Умуман, юқоридаги қарор ижроси бўйича йилнинг ўтган даврида 2 миллиард сўм қўшимча манба аниқланди. Бу борадаги ҳаракатлар изчил давом эттирилиши айтиб ўтилди.

Сессия ўз ваколатига кирувчи бошқа бир қатор масалаларни ҳам кўриб чиқди.

Унда туман ҳокими вазифасини бажарувчи Илёс Валериевич Новиков якунловчи нутқ сўзлаб, Президентимизнинг Фарғонага ташрифи чоғида илгари сурилган барча вазифаларни сўзсиз амалга ошириш, туманни ижтимоий-иқтисодий ри- вожлантириш борасидаги режаларни ўринлатиш, «Ҳар бир оила—тадбиркор», «Ёшлар—келажагимиз» Давлат дастурларини амалга оширишга астойдил, масъулият билан ёндашиш катта-кичик раҳбарнинг фаолияти мезонига айланиши кераклигига эътибор қаратди. Шунингдек, республика ишчи гуруҳи аниқлаган муаммоларни ҳал этиш, умуман, аҳоли турмуш даражасини кўтариш, ҳар бир фуқаронинг ҳаётидан рози бўлиши учун яратиб берилаётган бор имкониятлардан самарали фойдаланиш кечиктириб бўлмайдиган вазифалар эканлигини таъкидлади.

Сессия кун тартибидаги барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилди.

“Истиқбол йўли” мухбири.