Халқ депутатлари туман Кенгашининг қарори лойиҳаси

Қўштепа туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни таъминлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида

Халқ депутатлари Қўштепа тумани Кенгаши шуни таъкидлайдики Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг вилоятимизга ташрифи давомида энг асосий вазифамиз аҳолини рози қилиш эканлигини яна бир бор уқтириб, барча сектор раҳбарларининг масъулиятини ошириш ва уларнинг фаолиятини такомиллаштириш вазифасини белгилаб берди.

Давлатимиз раҳбарининг ҳудудни янада ривожлантириш “Ҳар бир хонадон—тадбиркор” шиори остида аҳолини тадбиркор қилиш, “Обод қишлоқ” дастури, “Ёшлар Дастури”ни ҳаётга тадбиқ этишда ҳар бир раҳбарнинг Ватанга садоқат ва муҳаббат билан ҳизмат қилиши ҳақида айтган фикрлари туман фаоллари учун дастуриламал бўлди.

Муҳтарам Президентимизнинг топшириғига асосан Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси томонидан Фарғона вилояти, жумладан Қўштепа туманида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 8 августдаги “Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-3182-сон қарори ижросини таъминлашда бир қатор камчиликлар аниқланди.

Ўрганишлар, Қўштепа туманида сектор раҳбарлари бириктирилган ҳудудларда ишларни етарли даражада ташкил қилмаганлиги, прокуратура, ички ишлар ва давлат солиқ идоралари раҳбарлари сектор раҳбари сифатида олдига қўйилган вазифаларни ва масъулиятни тўлиқ тушуниб етмаганлиги, ўз ҳудудидаги ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал қилишга тўлиқ киришмаганлигини кўрсатди.

Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш яъни, хорижий инвестицияларни жалб қилиш, экспорт салоҳиятини ошириш ва бюджетга солиқ тушумини таъминлаш, табдиркорликни айниқса, чорвачилик ва балиқчиликни ривожлантириш асосида янги иш ўринларини яратиш, аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш масалаларига айрим секторлар раҳбарлари етарлича эътибор қаратмаган.

Хусусан, сектор раҳбарлари томонидан ҳудудда саноат корхоналарининг ташкил этилишига етарли эътибор қаратилмаганлиги, ташаббускорларни аниқлаш, уларга етарли шарт-шароитлар яратиш ва ҳудудга салоҳиятли инвесторларни жалб қилиш бўйича ишлар қониқарсиз олиб борилганлиги натижасида Қўштепа туманида аҳоли жон бошига саноат ишлаб чиқариш ҳажми ўртача вилоят кўрсаткичига нисбатан паст даражада қолмоқда.

Шу билан бирга, ёшларнинг жамият ҳаётидаги роли ва фаоллигини ошириш, оилаларда маънавий муҳитни шакллантириш жумладан, ҳуқуқбузарлик содир этишга мойил, нотинч оилаларда тарбияланаётган, уюшмаган ва банд бўлмаган ёшлар билан ишлар талаб даражасида ташкил этилмаган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 8 августдаги “Ҳудудларни жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-3182-сонли қарори ҳамда 2018 йил 12-13 июнь кунлари Фарғона вилоятига ташрифлари давомида белгилаб берилган вазифаларни сўзсиз амалга ошириш, тумандаги 4 та сектор фаолиятини тизимли ташкил этиш, биринчи навбатда, аҳолининг турмуш даражасини ошириш, мақсадида Ўзбекистон Республикаси “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонунининг 6 ва 24-моддаларига асосан халқ депутатлари Қўштепа тумани  Кенгаши

ҚАРОР ҚИЛАДИ:

  1. Қўштепа туманининг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлаш юзасидан амалга оширилган ишлар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг 2018 йил 12-13 июнь кунлари Фарғона вилоятига ташрифи давомида ўтказилган йиғилишда вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича белгилаб берган вазифаларини туманда бажарилиши юзасидан туман ҳокими, прокурори, ички ишлар бўлими бошлиғи ва давлат солиқ инспекцияси раҳбарининг ҳисоботлари маълумот учун қабул қилинсин.
  2. Сектор раҳбарлари томонидан тақдим этилган ҳисоботлар халқ депутатлари Қўштепа тумани Кенгаши депутатлари томонидан “қониқарли” деб топилганлиги маълумот учун қабул қилинсин. Шу билан бирга, халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари томонидан билдирилган фикр ва мулохазаларни инобатга олиб, ҳар-бир секторлар “Йўл харитаси”ни қайта кўриб чиқиш, ижросини бандма-банд бажарилишини таъминлаш кўрсатиб ўтилсин.
  3. Тумандаги 4 та сектор раҳбарларининг асосий эътибори Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонлари, қарорлари, фармойишлари ва баёнларида белгиланган чора-тадбирлар ҳамда топшириқларнинг ижросини ўз вақтида ташкил этишда йўл қўйилган жиддий камчиликлар юзасидан кўрилаётган чоралар кутилаётган натижаларни бермаётганлигига, шунингдек, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш бўйича белгиланган прогноз кўрсаткичлар ижросини таъминлашга қаратилсин.
  4. Қуйидагилар:

Туманда 4701 та янги иш ўринларини ташкил этиш прогноз кўрсаткичлари 1-иловага;

ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича 42 миллиард 180 миллион сўм қийматидаги инвестиция лойиҳалари 2-иловага мувофиқ;

туман ҳокимининг инвестициялар, инновациялар, хусусийлаштирилган корхоналарга кў- маклашиш, кичик саноат зоналари ва туризмни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари томонидан ҳар ойда 1 миллион АҚШ доллари миқдорида хорижий инвестицияларни жалб қилиш прогноз кўрсаткичлари 3-иловага;

маҳаллий бюджетга қўшимча 15 миллиард 100 миллион сўм тушумлар прогнози 4-иловага;

бўш турган 22 та давлат мулки объектлари, 12 та илгари хусусийлаштирилган объектлар биноларидан самарали фойдаланиш кўрсаткичлари 5-иловага;

туманда 35774 та хонадонга тегишли 2765 гектардан зиёд томорқаларга экин экиш режаси 6-иловага;

туманда чорвачиликни ривожлантириш, шу жумладан фермер хўжаликларидаги наслли чорвани кўпайтириш учун четдан 165 бош наслли чорва моллари олиб келиш режаси 7-иловага;

туманда 35950 минг бош бройлер товуқларини етиштириш 8-иловага;

туманда 27 гектар майдонда 58.3 тонна балиқ етиштириш 9-иловага;

туманда 28 та давлат-хусусий шериклик асосидаги ва тўлиқ хусусий болалар боғчаларини ишга тушириш режаси 10-иловага;

ҳар бир сектор ҳудудида камида 1 тадан футбол ва мини-футбол майдонларини барпо этиш чоралари 11-иловага;

2820 миллион АҚШ доллари миқдоридаги саноат ва мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт прогноз кўрсаткичлари 12-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

  1. Туман 4 та сектор раҳбарларига:

ўзаро ҳамкорлик қилган ҳолда белгиланган кўрсаткичлар ижросини таъминлаш ва ҳудудларда ечимини кутаётган муаммоларни ҳал қилиш бўйича тизимли ишларни ташкил қилиш;

соғлиқни сақлаш, таълим ва бошқа ижтимоий соҳа объектларининг самарали фаолият кўрсатишини таъминлашга қаратилган таъсирчан чора-тадбирларни амалга ошириш;

уй-жой коммунал ва йўл хўжалиги, электр энергияси ва сув таъминоти ва бошқа соҳалардаги муаммоларни аниқлаш ва ўз вақтида уларни бартараф этиш, арзон уй-жойлар қуриш, худудларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини ташкил этиш;

ҳар бир секторда ҳафтада бир маротаба фуқаролар қабулини ва ойда бир марта тадбиркорлар кунини ташкил этиб, уларнинг муаммоларини ечиб бориш тизимини йўлга кўйиш;

имом хатиб ва маҳалла раисларини жалб қилган ҳолда диний оқимга кириб қолган ва бу борада жиноий жазони ўтаб чиққан шахслар билан суҳбатлар ўтказиш, уларни иш жойлари билан таъминлаш чораларини кўриш вазифалари юклатилсин.

  1. Туман 4 та сектор раҳбарлари мазкур қарор билан тасдиқланган кўрсаткичларни ойма-ой бажарилишига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонлари, қарорлари ва фармойишлари ижросини таъминлашга;

туман ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари экспорт ва янги иш ўринларини яратиш, маҳаллий бюджет қўшимча тушумлар бўйича прогноз кўрсаткичларнинг тўлиқ бажарилишига ва кредит маблағларининг ўз вақтида ажратилишига;

туман ҳокимининг инвестициялар, инновациялар, хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш, эркин иқтисодий зоналари ҳамда туризмни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ҳажмини оширишга қаратилган лойиҳаларни ишга туширишга;

туман ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари аҳоли томорқаларига қишлоқ хўжалиги экинлари тўлиқ экилиши, чорвачилик ва балиқчиликни ривожлантириш бўйича лойиҳаларни амалга оширилишига шахсан жавобгар эканликлари белгилаб қўйилсин.

  1. Мазкур қарорнинг ижроси юзасидан ҳар ойнинг якуни билан кейинги ойнинг 10 санасига қадар халқ депутатлари туман Кенгашида танқидий муҳокама қилиниб, топшириқлар ижросини таъминлашда масъулиятсизликка йўл қўйган сектор раҳбарлари, туман ҳокимининг тегишли ўринбосарлари ва масъул ходимларга нисбатан таъсир чоралар кўриб борилсин.
  2. Тумандаги сектор раҳбарларига мазкур қарорнинг ижроси ҳақида ҳар ойда вилоят ҳокимлигига ахборот тақдим этиш топширилсин.
  3. Туман “Истиқбол йўли” газетаси (У.Худойберганова)га ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича сектор раҳбарлари томонидан амалга оширилаётган ишларни кенг ёритиб бориш тавсия этилсин.
  4. Ушбу қарор “Истиқбол йўли” газетасида расмий эълон қилинсин ҳамда туман ҳокимининг веб-сайтига жойлаштирилсин.
  5. Белгилансинки, мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан кучга киритилсин.
  6. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш тумандаги 4 та сектор раҳбарлари ҳамда Кенгаш раисининг ўринбосари А.Ғофуров зиммасига юклатилсин.

Халқ депутатлари туман Кенгаши сессиясининг раиси                                    А.Ғофуров