• Home »
  • Bosh sahifa »
  • Тўртинчи сектор: йилнинг ўтган даврида қандай фаолият кўрсатилди?

Тўртинчи сектор: йилнинг ўтган даврида қандай фаолият кўрсатилди?

ОДАМЛАР РОЗИЛИГИ—ТАРАҚҚИЁТ АСОСИ

Биз, секторлар аъзолари, бу ҳақиқатни унутмаслигимиз керак

Туртинчи сектор

Бу ҳақиқатни яқинда Президентимиз Фарғонага ташрифи чоғида рўй-рост кўрсатиб бердилар. Бугунги югурик замон ҳаммамиздан ўз вазифамиздан ташқари, ҳар қандай топшириқни бажариш учун виждонан, куюнчаклик билан фаолият юритишни тақозо этаётир. «Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президентимизнинг қароридан сўнг туман ва шаҳарлар ҳудудларида тўрттадан секторлар ташкил этилганига келаси ой бир йил тўлади. Ҳаммамизга аёнки, бу саъй-ҳаракатлардан кўзланган мақсад битта: у ҳам бўлса, тараққиётни тезлаштириш асносида одамларнинг турмуш даражасини кўтариб, уларнинг бахтли яшашига монелик қилаётган муаммоларни бартараф этишдан иборатдир.

Ўтган ойда республика ишчи гуруҳи келиб бу борадаги ишларни ўрганиши жараёнида секторлар фаолияти изчил ва амалий ташкил этилмагани маълум бўлиб қолди. Ўрганишлар якунига бағиш- ланган қўшма сессияда бу қаттиқ танқид қилинди. Президентимиз ташрифлари чоғида ўтказилган видеоселекторда берилган топшириқлар ижроси, ишчи гуруҳи хулосалари юзасидан барча секторлар, жумладан, биз ҳам  ўз ишимизни қайтадан кўриб чиқиб, «Йўл  харитаси»ни белгилаб олдик.

Секторимиз ҳудуди Халқобод, Хўжақишлоқ, Қоражийда, Дўстлик, Дўрмон, Солижонобод, Файз, Қўрғонча, Янгиариқ, Шакар, Кўп- рикбоши, Истиқлол, Мумтоз сингари 13 та маҳалла фуқаролар йиғинларини қамраб олган. Ҳудудда 9273 хонадон бўлиб, 42 минг 400 аҳоли истиқомат қилади. Йилнинг ўтган даврида сектор аъзолари, жумладан, республика ишчи гуруҳи билан биргаликда 8750 та хонадонга кириб, 1450 та муаммоларни аниқлади. Уларнинг 1380 дан ортиғи жойида бартараф этилди. Уларнинг асосийси ичимлик суви, электр энергияси, газ таъминоти, мактабгача таълим, соғлиқни сақлаш муассасалари билан боғлиқдир.

Зиммамга бу масъулият яқинда юклатилди. Маълумотга кўра аниқланган муаммолар бўйича Хўжақишлоқ, Файз, Кўприкбоши, Солижонобод, Янгиариқ маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудларидаги уч километр масофада носоз йўллар шағаллаштирилди. Дўстлик, Хўжақишлоқ маҳаллалари ҳудудига 4,2 километрга ичимлик суви тармоғи тортилди. Аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида сектор ҳудудида уч марта меҳнат ярмаркалари ташкил этилиб, 54 нафар, жамоат ишига жалб этиш орқали 517 нафар фуқаронинг  бандлиги таъминланди.

Тадбиркорларни ҳуқуқий ҳимоя қилиш, уларга имтиёзли кредитлар ажратилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Тижорат банклари томонидан уларга 430 миллион сўмдан зиёд кредитлар берилди. «Ҳар бир оила—тадбиркор» Давлат дастури асосида мавжуд барча оилага тадбиркорлик ҳаракатини олиб кириш ишлари  қизғин давом эттирилмоқда.

Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида Президентимизнинг ўтган йил 12 сентябрдаги қарори асосида 19 та эҳтиёжманд оилага маиший техника берилди. 79 нафар муҳтожга 20,4 миллион сўм миқдорида моддий ёрдам кўрсатилди. Ўзгалар парваришига муҳтож бўлган 19 фуқарога ногиронлик аравачаси, 6 нафарига эшитиш ва бошқа мосламалар  берилди.

Юзаки қараганда, талай ишлар қилингандай. Аммо талаб даражасида иш юрита олинмаганини тан олмасликнинг иложи йўқ. Эндиликда Давлатимиз раҳбарининг топшириғидан келиб чиқиб, ишимизни амалий ва изчил йўлга қўйиш чора-тадбирларини белгилаб олдик. Унга кўра, ҳудуддаги иқтисодий кўрсаткичлардан тортиб 11 тоифадаги—кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногирон ва оғир касалликка чалинган аъзолари бўлган, аъзолари ишсиз, нотинч, ажралиш остонасида турган, жиноят содир этган хотин-қизлар бор, аъзолари ўз жонига қасд ёки суиқасд қилган, жиноят ёки ҳуқуқбузарлик содир этган, экстремистик оқимга аъзо шахслар, ички ишлар идораларида профилактик ҳисобда турган вояга етмаганлар, уй-жойга муҳтож оилаларга ойма-ой кириб, муаммоларини ҳал этиш жадвали ишлаб чиқилди.

Эндиликда сектор ҳудудидаги саноат, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши, пудрат ишлари, чакана савдо, хизмат кўрсатиш, тадбиркорлик субъектларидаги ишлар мунтазам таҳлил қилиб борилади. Янги иш ўринлари яратиш, инвестиция жалб қилиш, бюджетга қўшимча тушум тушуриш, томорқадан самарали фойдаланиш, давлат-хусусий шерикчилик асосида мактабгача таълим муассасалари, наслли чорва боқиш ва иссиқхоналар ташкил этиш кўрсаткичлари бўйича қилинаётган ишлар мониторинги ҳам юритилади. Бир сўз билан айтганда, энди фақат қоғозларда эмас, амалда иш олиб борилади. Бу, албатта, секторга аъзо бўлган ҳар биримиздан мен бошчилигимда ишимизни «қўлдан ўтгунча, эгасига етгунча» қабилида эмас, балки чин дилдан, астойдил юритиб, одамларни умумюксалишга сафарбар этиб, ҳудудда аҳоли турмуш тарзини кунба-кун яхшилаб боришдек масъулиятни фидойилик билан адо этишни тақозо этаётганини унутмаслигимиз зарур.

Абдурасул ҚОСИМОВ,

туман Давлат солиқ инспекцияси бошлиғи вазифасини бажарувчи, 4-сектор бошлиғи.

 

Таҳририятдан: секторнинг иқтисодиёт коллежида ташкил этилган штабида иш юритиш, одамларни қабул қилиш учун барча шарт-шароитлар муҳайё этиб қўйилган, қоғозлар тартибли. Аммо йилнинг ўтган даврида, республика ишчи гуруҳи билан ҳамкорликдаги ўрганишларни назарда тутмаганда, сектор аъзолари ташкилотчилигида айтгули иш қилингани йўқ. Бу, рес- публика ишчи гуруҳи таҳририятга ҳавола этган ва чоп этилаётган мақолада айтилганидек, икки маҳалланинг ўзида 200 дан ортиқ муаммо тўпланиб қолганида ҳам кўриниб турибди.

Ҳар қандай иш, аввало режалаштиришдан бошланади. Бу жойда, секторнинг 29 аъзоси амалга оширадиган ишлар режаси мавжуд эмаслиги таажжубланарлидир. Белгилаб қўйилган низомга кўра, улар бу ерга жам бўлиб, олдинда турган ва ҳал этилиши зарур бўлган масалалар бўйича маслаҳатлашиб олмасликлари қизиқ. Штабда иш юритаётган Қобилжон Райимовнинг айтишича, аъзоларнинг ҳаммасига ўз ҳудудида белгиланган «Йўл харитаси» бўйича сектор ишини юритиш вазифаси юклатилган эмиш. Бу гапга ишониш қийин.

Гувоҳи бўлганингиздай, секторнинг ҳозирги раҳбари энди юзаки ишлашга чек қўйилади, қабилида фикр билдирди. Бундай аҳволга чек қўймасликнинг ҳам иложи йўқ. Шунинг учун ҳам унинг лафзига ишондик. Аммо навбатдаги ҳисобот вақтида қоғозларга туширилган вазифаларнинг ижроси яна мониторинг қилинишини эсдан чиқармасалар бўлгани.