Республика ишчи гуруҳи материалларидан

МУАММОЛАР… МУАММОЛАР

Тўртинчи сектор ҳудудига кирувчи Дўстлик ва Дўрмон маҳалла фуқаролар йиғинларида ижтимоий-маънавий муҳитни ўрганиш бўйича Республика 3-ишчи гуруҳи аъзолари 942 хонадонга киришиб, 283 та муаммони аниқладилар. Дўстлик маҳалласида 2 та кўчанинг жами 2,4 километрлик асфалт йўли жорий таъмирлашга ва 2 та кўчанинг 1,6 чақирим йўли шағаллаштиришга муҳтож. Дўрмон маҳалласида 4 та ички кўчанинг жами 6,5 километрлик қисми шағаллаштириш ва асфалт қоплама қилинишини кўп замонлардан буён кутади.

Аҳоли сони муттасил ўсиб бораётгани, бироқ уларни керакли кучланишдаги электр энергияси билан таъминлашда оқсоқликлар кузатилаётгани сабабли “Фахр” кўчасига янги трансформатор пунктини ўрнатиш лозим. “Кумушбулоқ” ва “Қумқўрғон” кўчаларида фуқаролар терак ёғочларидан қўлбола симёғочлар қў- йиб, симлар тортишган. Ушбу симёғочлар ёнғин хавфсизлиги талабларига мутлақо жавоб бермайди. Ҳар қандай беқарор шамол ёки ёғингарчилик кутилмаган ҳодисаларга сабаб бўлиши мумкин. “Кумушбулоқ” кўчасига 24 та, “Қумқўрғон” кўчасига 20 та темир бетон таянчлар ўрнатиш ва тармоқ тортиш белгиланди.

Дўрмон МФЙдаги “Улуғвор” ва “Дўрмон” кўчаларида ҳам фуқаролар терак ёғочларидан ўзларига мослаб симёғочлар ўрнатишган. “Улуғвор” кўчасида жойлашган аксарият хонадонларнинг электр энергияси томлар оша ўтган. Бу икки кўчага 22 та темир таянчлар ўрнатиш зарурияти аниқланди. Ҳар икки маҳалла аҳолисини газ баллонлари етишмаслиги доимий равишда қийнаб келмоқда. Ўрганишлардан кейин жами 200 та газ баллонлари рўйхат асосида зудлик билан тарқатиладиган бўлди.

Ичимлик сув билан таъминлаш ҳам оғриқли муаммо. “Дўстлик” маҳалласида жойлашган Фахр кўчасида 100 та хонадон, Фароғат кўчасида 37 та хонадон, Кумушбулоқ кўчасида 36 та хонадон, Қумқўрғон кўчасида 120 та хонадонда ичимлик суви йўқлиги учун аҳоли босма кран сувини истеъмол қилиб келади. 10-мактаб ҳудудида жойлашган ичимлик суви минораси таъмирталаб ҳолатга келгани учун тўлиқ қувватда ишламаяпти. Маҳаллага 3,6 километрли ичимлик суви тармоғи тортилса, 300 нафарга яқин хонадондаги муаммо ҳал этиларди.

Дўрмон маҳалласида барча кўчаларда сув тармоқлари тортилганига қарамай улар носоз ва яроқсиз аҳволга келиб қолган. Икки юзга яқин оила мустақил равишда турли чуқурликлардан босма кран орқали оби ҳаётдан фойдаланиб келади. “Дўрмон” кўчасида жойлашган  сув минораси 2015 йилда таъмирланган, лекин аҳоли шартнома асосида белгиланган маблағни тўламаётгани учун насос ўчириб қўйилган ва бунинг оқибатида сув босими камайиб кетган. 4 та маҳалладаги 2400 метрлик тармоқни таъмирлаш зарурияти бор.

10-мактабнинг 2 та биноси 1964 йилда, қолган 3 та биноси 1986 йилда қурилган. Орадан шунча йил ўтиб, 2005 йили капитал таъмирланган.

840 ўринли бўлган ушбу мактабда ҳозирги кунда 1071 нафар бола таълим олмоқда. Мактаб ҳудудида қурилиши тугалланмаган 2 та бино мавжуд бўлиб, 1991 йилдан буён қаровсиз, ташландиқ қолиб кетган. Натижада ҳеч кимга керак бўлмаган иншоот авария ҳолатига тушиб қолган. Ушбу бинонинг яроқлилигини мутахассислар ёрдамида ўрганиб чиқиш ва хулосага олиш бўйича топшириқ берилди.

Мактаб атрофидаги деворнинг айрим қисмлари таъмирталаб аҳволда. Мактаб ҳудуди оз эмас, салкам 4 гектар майдонга эга. Бўш турган ерлар билан биргаликда чўмилиш ҳавзасига ҳам мевали дарахт ва полиз экинлари экиб келинмоқда. Ушбу деҳқончилик ишларидан олинган даромаддан мактаб таъмири учун сарф этиш мақсадга мувофиқ эканлиги тушунтирилди. Спорт залининг кийим алмаштириш хоналари талабга жавоб бермайди. Ёритиш тизими ишламайди. Ювиниш хонаси мавжуд эмас. Мактаб кутубхонасида китобларни жойлаштириш учун китоб жавонлари етишмаяпти. Мактаб ҳожатхонаси деворлари шўрлашиб, нураб ётибди. Мактаб 2020 йил Давлат дастури асосида капитал таъмирланиши белгиланган. Икки йил давомида кутилса, таълим даргоҳи янада абгор аҳволга тушиб қолмаслигига ким кафолат беради.

Дўрмондаги 7-сонли мактабгача таълим муассасаси 1973 йилда қурилган бўлиб, 2015 йилда жорий таъмирланган. Муассаса 140 ўринга мўлжалланган. Бироқ ҳозирда 175 та бола тарбияланмоқда. Боғчада гуруҳлар учун хоналар етишмаяпти. Боғчага қаттиқ ва юмшоқ жиҳозлар етишмайди. Болалар ўйингоҳи ҳам талаб даражасида эмас. Маскандаги иситиш тизими ишламайди. Янги қозонхона ва кўмирхона қуриш керак. Ҳаш-паш дегунча қиш киради. Ҳозирдан ҳаракатни бошламаса, тарбиячи ва тарбияланувчилар қишда қийин авҳолда қолади. Бино иккинчи қаватининг санузелларини таъмирлаш, ташқаридаги ҳожатхонани бутунлай қайта қуриш керак.

Муаммолар кўлами шу билан ҳам тугамайди. Дўрмон маҳалла фуқаролар йиғинидаги  “Дўрмон” кўчасида яшовчи фуқаролар зах сувларнинг ер юзасига кўтарилиши натижасида иморат ва деҳқончилик ерлари яроқсиз ҳолатга келаётганидан шикоят қилишмоқда. Ушбу муаммони ҳал этиш учун “Дўрмон” кўчаси бошидаги зовурга қўшимча равишда кўчанинг орқа қисмидан, фермер хўжалиги ери ҳисобидан зовур ковлаш керак. Ушбу кўча ёнидан Катта Фарғона канали ўтгани ҳолда аҳоли деҳқончилик учун сув етишмаётганидан арзу дод қилмоқда. Қизиқ, водий узра оби ҳаёт инъом қилаётган канал сувидан унинг биқинида жойлашган бу маҳалла фойдаланиши мумкин эмасми?

Ишчи гуруҳи муаммоларни имкон қадар жойида ҳал қилишга интилди. Ечилиши вақт талаб қиладиган масалалар эса “Йўл харитаси”га киритилиб, ижроси қатъий назорат қилинаяпти.

Лазиз Раҳматов,

журналист

 

Таҳририятдан: Республика ишчи гуруҳи туманимизга келиб фаолият юритганига бир ойдан, қайтганига йигирма кундан ўтди. Гуруҳ айрим камчиликларни ўрнида ҳал қилган, муаммолар жамланмаси ҳақидаги мақолаларни эса таҳририятга ҳавола этган эди. Уларни ёритишда давом этамиз. Мақола чоп этилгунга қадар ҳал этилмаган муаммолар юзасидан қандай амалий чоралар кўрилгани ёки кўрилаётгани ҳақида сектор раҳбари ҳамда Дўрмон ва Дўстлик маҳалла фуқаролар йиғини раисларидан жавоб кутамиз.