• Home »
  • Bosh sahifa »
  • Акс-садо: «Неъматларнинг аълоси—сув!» мақоласини ўқиб

Акс-садо: «Неъматларнинг аълоси—сув!» мақоласини ўқиб

СУВ  ЗАРДАН  ҲАМ ҚИММАТ

Унга заргарона муносабатда бўла оляпмизми?

Ахборот тизими қанчалик такомиллашмасин, газетанинг ўрни бошқа. «Истиқбол йўли»нинг 15 июн сонидаги «Неъматларнинг аълоси—сув!» мақоласини ўқиб ниҳоятда таъсирландим. Отам, Аҳмаджон Валиев, Аллоҳ раҳматига олган бўлсин, энг мураккаб даврлар—1949-1988 йилларда туман сув хўжалиги тизимида Марказий Фарғона ерларини ўзлаштириш ва қишлоқ хўжалиги экинларини сув билан таъминлашдек олижаноб вазифада фидойи меҳнат қилиб, тўққиз фарзандни элга қўшди. Ўзимнинг ота касбини эгаллаганимга ҳам бир кам қирқ йил бўлибди. Ўғлим йигирма йилдан буён, укам ҳам шу шарофатли касбда меҳнат қиляптилар. Уч авлоднинг умримиз сув билан боғлиқ касб-корда ўтиб, фаолиятимиз давомида сувни экинларга етказиб беришнинг ҳисоб-китобини юритаверибмизу унинг бутун мавжудот олдидаги ўрнини тасаввур этиб кўрмаган эканмиз. Бу неъматнинг ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайдиган ўрнини юқоридаги мақолада ўқиб, ҳайратланмай қолмадим.

Дарҳақиқат, бу йил сув тақчиллиги ҳар йилдагидан жиддийроқ муаммо бўлиб турибди. Президентимиз, ҳукуматимиз, қолаверса, вазирлигимиз бу муаммони ҳал этиш йўлларини белгилаб, бир қатор меъёрий ҳужжатлар қабул қилдилар. Юртбошимизнинг қишлоқ ва сув хўжалиги давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида, Сув хўжалиги вазирлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги Фармон ва Қарорлари, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йилда экин майдонларини сув билан кафолатли таъминлаш ва сув танқислигининг салбий оқибатлари олдини олишга қаратилган кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар, 2018,2022 йиллар мобайнида сув хўжалигини жадал ривожлантириш бўйича тизим ташкиллашнинг устувор вазифалари ҳақидаги қарорлари ва улар асосида соҳани тубдан ислоҳ қилишга қаратилиб «Йўл харитаси» бегиланиб, ишни шу асосда ташкил этишга киришилгани бежиз эмас.

Меъёрий асослар яратилди. Аммо уларнинг ижросини таъминлашга ҳар бир раҳбар ва мутахассис шахсан жавобгарлик ва масъулият ҳисси билан ёдашмас экан, муаммони ҳал этишда амалий натижага эришиб бўлмайди. Хусусан, Президентимизнинг Қарорига мувофиқ, ҳар бир туманда сув хўжалиги объектларини текшириш ва таҳлил қилишда ирригация тизимлари ҳолати, бунда суғориладиган ерларнинг фойдаланишдан чиқиб кетиши ва унинг сабаблари, барча турдаги дренажларнинг ишламаслиги, сув ҳисобини юритиш, гидропостлар ва сув ўлчагич ускуналари ҳолатини яхшилаш юзасидан таклифлар тайёрлаш вазифаси юклатилган.

Қарорда сув истеъмолчилари уюшмаларининг ўрни ва аҳамияти, улар учун сувдан фойдаланиш бўйича махсус рухсатномалар расмийлаштириш, улар томонидан сув истеъмолини назорат қилиш, уюшмаларни сув ўлчаш ва ростлаш воситалари билан таъминлаш, хўжалик ички тармоқларининг фойдали иш коэффициентини оширишда, фермер хўжаликлари ва томорқа ер эгалари билан ишни ташкил қилишда амалий ёрдам бериши зарурлиги алоҳида уқдирилади.

Кўп йиллик тажрибамдан келиб чиқиб, сув танқислигига қарши курашда самарали натижаларга эришиш юзасидан айрим таклифларимни билдирмоқчиман. Сув жами неъматларнинг аълоси, ҳаётимиз, тириклигимиз манбаи экан, ирригация тизимининг эртаси учун муносиб кадрлар тайёрлаш ҳақида жиддийроқ қайғуриш зарур, деб ҳисоблайман. Ирригация соҳасига қизиқувчи ёшлар сафини кенгайтириш жуда зарур бўлиб турибди. Ёшларни соҳага қизиқтиришда олий ва ўрта махсус билим даргоҳларида ўқийдиганларга контракт тўлови учун маълум даражада имтиёзлар бериш зарурмикин. Чунки олий маълумотли ёш мутахассисларга эҳтиёж катта.

Туманимиз ҳудудидан Катта Фарғона, Жанубий Фарғона ҳамда Катта Андижон каналлари оқиб ўтади ва экинларга сув шу манбалардан олинади. Туманга ажратилаётган ҳар бир литр сувни қабул қилиб олиш ва истеъмолчиларга топшириш учун мутахассислар зарур. Ирригация бўлими мутахассислари каналлардан сувни олади, лекин сув истеъмолчилари уюшмасининг миробларини топиш амри маҳол бўлиб қоляпти. Ваҳоланки, мутахассислар сувни ҳар бир фермер хўжалиги кесимида белгилаб қў- йилган лимитга асосан тарқатиши, ундан қандай мақсадда фойдаланаётганини  назорат қилиши даркор. Фермер хўжаликларида не машаққатлар ва катта маблағ эвазига келтирилган сув миробликнинг уддасидан чиқса-чиқмаса, тўғри келган одамга юклаб қўйилмоқда. Мана шу уқувсизлик зардан ҳам қиммат бўлган сувнинг исроф қилинишига олиб келяпти. Ваҳоланки, амалдаги қонунимизда ҳар бир истеъмолчи сувдан фойдаланиш учун махсус рухсатномага эга бўлиши, шартнома тузиши, кейин талабнома кўндириши зарурлиги белгилаб қўйилган. Қонунга амал қилиш ҳар бир сув истеъмолчисининг бурчи эканини унутишга ҳаққимиз йўқ.

Кейинги таклифим сувчилар учун яратиб бериладиган шарт-шароитлар ҳақидадир.  Дала бошларида «Сувчилар уйи» албатта бўлиши зарур. Сувчиларни резина этиклар, фонар, озиқ-овқат ва, энг асосийси, ўз вақтида иш ҳақи билан таъминлаб қўйиб, кейин иш талаб қилиш даркор. Акс ҳолда етарли шароитга эга бўлмаган сувчилар тузаб қўйилган сувини суткалаб хабар олмаслиги оқибатида майдон этаклари кўллаб, ҳар бири 11 миллион сўмдан ковланаётган коллекторлар сув билан тўлиб, яроқсизланиб қолишига сабаб бўляпти. Хўжасизлик оқибатидан ҳам сувни исроф қилиб, ҳам коллекторларни ишдан чиқараётганларга қонуний  жазо чорасини кучайтирадиган вақт келди! Шунингдек, сувга заргарона муносабатда бўлаётган, унинг ҳар қатрасидан мақсадли фойдаланаётганларни рағбатлантириб боришни ҳам унутмасак, яхши бўларди.

Раҳматжон ВАЛИЕВ,

Қоражийда сув тақсимлаш бўлими мироби.