МЕНКИМ, СОҲИБҚИРОН-ЖАҲОНГИР ТЕМУР

 (Давоми. Боши ўтган сонларда).

Мен ундан нима учун қўрқишим кераклигини сўрадим. У: “Ўша довоннинг лойли йўлларида йўловчиларни талаб, ўлдириб қароқчилар тўдаси юради”,—деди. Мен ундан ўша довоннинг узунлиги қанчалигини сўрадим. У “ўн бир фарсанг”, дея жавоб қилди ва йўлнинг ҳар икки ёқасидаги тоғлар устида қароқчилар танда қўйиб олганликларини сўзлади.

Искандардан чиқишимиз арафасида унинг ҳукмдори менинг ихтиёримга 12 нафар йўлбошчиларни бериб, улар йўлни яхши билишларини айтди. Қўшинимни ҳар бири йигирма минг кишидан иборат олтита қисмга бўлган эдим: ҳар бир қисмга икки нафардан йўлбошчиларни бердим. Ва яна илдам йўлга тушдик. Гарчи қароқчилар яхши қуролланган қўшинга ҳужум қилишга журъат этмасликларини билсам-да, ҳар эҳтимолга қарши иккита кузатув гуруҳи ташкил этдим. Улар тоғ йўлининг икки чеккасини назорат қилиб, вазиятни доимий кузатиб боришга ва қароқчилар мабодо ҳужум қилган тақдирда, қўшиннинг тоғ йўлида ботиб қолишига йўл қўймасликка масъул эдилар.

Мен биринчи қисм билан энг олдда борар эдим ва ортимдан ҳаракатланаётган қисмларнинг барчасидан аҳвол қандай экани ҳақида мунтазам хабар олиб турар эдим. Ҳозирча довон бўйлаб ҳаракатланаётган ҳарбий қисмларимиз бир маромда, ҳеч қандай тўсиқ ёки ғовга учрамай илгариламоқда эдилар. Биз эрталаб довон йўлига кирган эдик. Агар йўлимиз кўтарилиш ва тушишлардан, қия ва энма масофалардан иборат бўлмаганида эди, балки қуёш ботгунча ундан чиқиб олишга улгурардик. Бироқ йўл текис эмас, лойчан. Айрим жойларида йўлимиздан чиққан тошларни айланиб ўтиш учун, бир оз ортиқча куч сарфлашимизга ҳам тўғри келарди.

Йўлбошчилар тунни довонда ўтказишни, эртаси куни сафарни давом эттириш таклифини айтишди. Мен уларнинг таклифини бир шарт билан қабул қилдим. Агар тунаш учун қулай жой топилса—тўхтаймиз. Улар минг заръ нарида яхши бир сайхонлик борлигини, унинг тўрт томони тоғлар билан ўралганлиги сабаб, тунни бехавотир ўтказиш учун боп жой эканини айтишди. У жойни Патан водийси деб аташар экан.

Баҳор яқинлашаётганлиги боис тоғларда қор эриб, тоғ бошида жилға ва ирмоқлар шилдирай бошлаган эди. Патан водийсида сув сероб бўлса керак, деган тахминда эдим. Бунга ишонч ҳосил қилиш мақсадида тўхташ жойимизни яхшилаб ўрганиб келиш учун бир гуруҳ жангчиларимни йўлбошловчи ҳамроҳлигида ўша ёққа юбордим. Улар қайтиб келишгач, водий анчайин кенг, жойлашиш учун қулай ва у ерда сув етарли эканлигини айтишди.

Водийга кириб борганимизда қуёш чўққилар ортига яширинганди. Тоғ ёнбағирлари энига водийга келиб тақалган бўлса-да, бироқ тоғлар баланд бўлгани боис бу томонга тўғридан-тўғри ўтиш имконини бермас эди. Биз турган водий хавфу хатардан холи бўлса ҳам, негадир тоғларга боқсам алланечук безовталана бошлаётгандим. Ваҳоланки, ҳеч қандай тоғ муқаддам мени ҳая- жонлантирмаган эди.

Ҳақиқатан ҳам тўрт томонимиз тоғлар билан ўралган, орасида сўқмоқ ҳам йўқ эди. Қорайиб турган бу тоғларнинг баланд, қиррадор чўққилари худди осмонга ўқталган найзага ўхшарди. Бўртиб чиққан қоялари бошимиз узра осилиб тургандек, мана-мана ҳозир узилиб тушадигандек тасаввур уйғотарди. Жилғалар ёнида унча катта бўлмаган чуқурлар қазишга буйруқ бердим. Отлар қониб-қониб сув ичсинлар дедим. Шундан кейин намоз ўқиб, озгина таомландим. Қайтгунимча чодиримни тоғ ёнбағридаги баландроқ жойда ўрнатишларини буюриб, ўзим қароргоҳни айланиб келишга кетдим.

Чодиримга киришдан олдин яна тоғларга боқдим. Яна бадбин хаёллар чулғади мени. Бошимиз узра осилиб турган чўққилар худди ҳали-замон узилиб тушадигандек, остидаги барча нарсаларни босиб қоладигандек бўлиб туюлаверарди. Мен ўта ҳушёр ухлайман. Айниқса, хавфсизлик масаласини ўйлаган кезларим ёки жанг арафасида уйқудан тез-тез уйғониб кетадиган одатим бор. Бу фақат юрагимда тоғлар туфайли туғилган безовталикдан эмас, ҳар қандай шароитда ҳам шу ҳолат содир бўлаверади. Қарсиллаган бир товушдан уйғониб кетдим. Ташқарига чиқиб, жанговар сур чалиб барчани уйғотишга буйруқ бердим. Ҳарбий саркардаларимга барча одамларни ва отларни тоғ ёнбағрига тўплаш вазифасини топширдим.

Шундан кейин иккинчи гумбурлаш содир бўлди. Осмонда чақин чақнади. Момақалдироқнинг товуши бутун водийга тарқади. Шу асно бўртиб турган чўққиларга боқдим: “Узилиб тушмасин-да, ишқилиб!”.

(Давоми бор).