Юксак маънавият—енгилмас куч

БИДЪАТЛАР ЗАЛОЛАТГА ЕТАКЛАР

Ижтимоий тармоқларда тарқалган бир видео тасвир лавҳалари асосида тайёрланган телекўрсатув кўпчилик мўмин-мусулмонлар қатори мени ҳам ажаблантирди, рости хижолат бўлдим. 15-20 нафар одам давра қуриб, баланд, ваҳимали овозда “хувв-хув, хувв-хув” дея муайян калималарни жазавага тушиб, зикр қилаётгани ҳақиқатан ҳам ажабланарли ҳолдир.

Ҳар бир мўмин мусулмоннинг Аллоҳга қилган илтижоси, нидоси, тавбасини бошқа биров билиши шарт эмас. Нақшбандия тариқати махфийлик асосида риёкорликдан қочиб, хотиржам зикр қилишга чақиради. Саҳобийлар ҳам махфий зикрни афзал кўришган. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу масжидга кирдилар. Қарасаки, бир неча нафар кишилар ўтириб, овозларини баланд кўтариб, зикр қилишмоқда ва саловат айтишмоқда эди. Шунда уларнинг олдига борди-да:

—Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг даврида бунақанги одатимиз бўлмаган. Сизларни мен бидъатчи деб биламан,—деди ва уларни масжиддан ҳайдаб юборди. (Бориқа сураси, 4-оят).

Ислом дунёси олимларидан ҳамюртимиз, устоз Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ҳам бидъат одатларни қоралаб ўз фикр-мулоҳазаларини шундай ифодалаганлар:

—Уламолар зикр чоғида рақс тушиш, айланиш, мусиқа чалиш ва кўксига ёки бошига уриш каби ишларни қаттиқ танқид қилганлар. Гапнинг чўзилиб кетишидан қочганлар. Биргина мисол келтирамиз: машҳур ханафий олим Ибн Обидийн раҳматуллоҳи алайҳи “Раддул Мухтор” номли китобларида қуйидагиларни ёзганлар: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Қуръон қироати, жаноза ва зикр чоғида овозни кўтаришни ёқтирмаганлар. Энди уларнинг қўшиқ чоғидаги вужуд ва муҳаббат деб номланган ҳолатларини нима деса бўлади? Албатта, бу нарса макрухдир! Динда унинг асли йўқдир!”

Хулоса қилиб айтганда, видеолавҳаларни тарқатаётганлар ножоиз ишга қўл урибдилар. Бу динни бузиб талқин қилиш, одамларни пок ислом динидан чалғитиш, ёшлар тарбиясига қарши очиқ тажовуздир. Юртимизда яратилган диний эркинликка, шарт-шароитларга шукрона айтишимиз керак. Давлатимиз раҳбари томонидан таъкидланганидек, биз жаҳолатни маърифат билан енгишимиз зарур.

Турсунтоҳир ЭРБЎТАЕВ,

“Мўйи муборак” масжиди

имом-хатиби.