“Соғлом ҳаёт” дастури доирасида

ЗАҲАРЛИ МОДДАНИ ПУЛГА СОТИБ ОЛМАНГ

Фарғона вилоятида 16 июлдан 31 августгача “Тамакисиз муҳит

яратайлик!” деб номланган ахборот-таълим кампанияси ўтказилади.

ЧЕКИШ

Ер юзидаги барча онгли инсон ўзидан соғлом авлод қолдиришни истайди. Келажак бардавомлиги ҳам айнан шунга боғлиқ. Ўзидан соғлом авлод қолдириш учун инсон зоти соғлигига салбий таъсир этадиган иллатлардан асраниши керак. Кашандалик ана шу иллатлардан биридир. Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра, ҳар йили дунё бўйича тамаки эпидемияси деярли 7 миллион ўлим ҳолатига олиб келади, улардан 900 мингдан ортиғи чекмайдиган, лекин иккиламчи тамаки тутуни таъсири остида қолган одамлар орасида юз беради. Ўзбекистонда  катта ёшдаги (18-64 ёш) 2,8 миллион тамаки истеъмол қилувчиларнинг 1,4 миллион (50 %)дан ортиғи чекиш билан барвақт ўлим хавфига дучор бўлади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, “Саломатлик-3” лойиҳаси, вилоят ҳокимлиги ҳамда Жамият саломатлиги ва соғликни сақлашни ташкил қилиш илмий-тадқиқот институти Фарғона вилояти бўлинмаси ҳамкорлигида  “Тамакисиз муҳит яратайлик!” лойи- ҳаси доирасида куни-кеча вилоят кўп тармоқли шифохонасида ўтказилган ўқув-машғулоти ҳозирда оммалашиб бораётган кашандалик иллатига қарши курашишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.

Машғулотда  Жамият саломатлиги ва соғлиқни сақлашни ташкил этиш илмий-тадқиқот институти вилоят бўлинмаси директор ўринбосари Шахнозахон Мамурова тамакининг инсон саломатлигига зарарини батафсил  тушунтирар экан, бир дона сигарета 400 дан ортиқ заҳарли моддадан ташкил топиши, чекиш уйқусизликка, хотиранинг пасайишига, бепуштликка олиб келишини, инсон умрини 12-15 йилга қисқатиришини далиллар билан слайдлар орқали намойиш этди.

Жорий йилнинг 2 июлида  “Жамоат жойларида чилим ва электрон сигареталар чекишни чеклаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси  Қонуни қабул қилинди. Унга кўра жамоат жойларида, транспортларда очиқ ойдин чилим ёки электрон сигарета чекишга йўл қўйилмайди, рек- лама қилинмайди, стационар савдо объектларида, шунингдек, умумий овқатланиш корхоналарида чекиш учун махсус  ажратилган хоналар булардан мустасно. Бу Қонун оммавий ахборот воситаларида расмий эълон қилингандан уч ой ўтгач кучга кириши белгиланган.

Хориж кинофилмларида намойиш этиладиган, эндиликда бизда ҳам урфга кираётган чилимнинг зарарли таъсири оддий сигаретанинг таъсиридан бир неча юз баробар кўплигини олимлар исботлаб бўлишган. Уни тайёрлашда оддий гигиена қоидаларига риоя этиладими, йўқми, чилим чекувчи текшириб ҳам ўтирмайди. Шундай экан “Шунчадан бери чекаётганлар ўлмади-ку” деган нотўғри фикрга борадиганлар тамаки ва чилимнинг зарари ҳамда тани соғлиқнинг қадрини таққослаб кўришлари, бу иллатга чек қўйишлари аввало ким учун фойдали эканини тушуниб етишса яхши бўларди.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкин, “Қуш уясида кўрганини қилади” деган нақл ота-она сифатида бизни ҳушёр торттириши керак ва фарзанд- ларимизни бундай иллатга мубтало этмаслик учун аввало ўзимиз ундан ҳоли бўлишимиз зарурдир. Тамакифурушларнинг бозорини чаққон қилиб,  машаққат билан топган пулимизни уларнинг бойиши учун сарфламасак, соғлом ҳаёт кечиришни бошлаб, баркамол авлодларимизнинг соғлом келажагини таъминласак, фарзандларимиз роҳатини кўриб, узоқ яшаш барчамизга насиб этади.

У. ХУДОЙБЕРГАНОВА.