РУХ—ЗАРУР АНТИОКСИДАНТ

Рух қонда доимий кислотали-ишқорли муҳитни сақлайди, тўқима регенерацияси учун масъул, инсулин ҳосил бўлишини ва мушаклар қисқаришини бошқаради, простата ва кўпайиш аъзолари ишини меъёрлаштиради, қоннинг яллиғланишга қарши хусусиятини оширади. Рух таъм ва ҳид сезгиси бузилишини тиклашда ёрдам беради.

Таркибида рух кўп бўлган озиқ-овқатлар бўй ўсиши ва вазн ортишини таъминловчи гормонлар ишлаб чиқаришини  кучайтиради. Фаол турмуш тарзини кечираётганлар учун эса рух зарур антиоксидант сифатида таъсир қилади. Яъни, бу микроэлемент жисмоний зўриқиш вақтида ҳаддан ортиқ кислород сарф қилиш туфайли пайдо бўладиган радикаллар таъсиридан мушак ҳужайраларини ҳимоя қилади.

Тушкун кайфият, чарчоқ, ҳаётга бўлган қизиқишнинг сўниши ҳам рух етишмаслигининг асосий белгиларидир. Шунингдек, соч тўкилиши, тирноқларда оқ доғлар пайдо бўлиши, дерматит ва яраларнинг секин битиши рух етишмаслиги аломати саналиб, шундай пайтларда рухга бой маҳсулотларни истеъмол қилиш керак бўлади.

Суякларнинг ўсиши ва шаклланиши учун кальций, фосфор, магний, фтор, кремний билан биргаликда рух ҳам зарур ҳисобланади. Айниқса, ҳомиладор аёллар ва болалар учун рух энг керакли унсур. Чунки она организмидаги рух миқдори қориндаги боланинг танглай, лаб, кўз, юрак, суяк, ўпка, мия ва сийдик йўллари тизимининг шаклланишига таъсир қилади.

Билиш муҳимки, ширинлик ва шўр егуликларни доимий истеъмол қилиш организмда рух миқдорини камайтиради.

Таркибида рух элементи кўп бўлган табиий мева-сабзавотлар, кўкатлар, зираворлар, дуккакли дон маҳсулотлари ҳамда улардан тайёрланган миллий таомларни истеъмол қилишга одатланиш керак. Узум ва тут шинниси, ўрик ва аччиқ бодом данаги, қора майиз, туршак, ёнғоқ, кепакли нон, сумалак, картошка, помидор, нўхат, сут ва гўшт маҳсулотлари ҳамда тухум сариғида рух моддаси кўп бўлиб, бу ноз-неъматлар мунтазам истеъмол қилинганда организмнинг рухга бўлган эхтиёжи етарлича қондирилади.

 “Сиҳат-саломатлик” журналидан.