Тадбиркорликка—кенг йўл: асаларичилик

УСТОЗ-ШОГИРД АНЪАНАСИ ДАВОМ ЭТМОҚДА  
DSC_7332

Азал-азалдан етти хазинанинг бири, минг дардга даво деб таърифланувчи неъмат—асал етиштиришнинг сир-асрорлари авлоддан-авлодга, устоздан-шогирдга ўтиб, ўргатиб келинган. Бу борада фарғоналик, хусусан, қўштепалик асаларичиларнинг ҳам алоҳида тажрибаси, ўз услуби бор. Яқинда туманимизнинг аксарият асаларичилари жам бўлган тадбирни уюштиришдан ҳам мақсад шу—ўзаро тажриба алмашиш, ютуқ ва камчилик- ларни сарҳисоб қилишдан иборат бўлди. Ўттиз йиллик тажрибага эга фахрий асаларичи Мамиржон ака Холматов ташаббуси билан анъанага айланган машварат ҳар йили бир бор ўтказиб борилади. 

—Кўриб турганингиздек, даврамизда кўп йиллик миришкор асаларичилар билан бир қаторда соҳада эндигина иш бошлаганлар ҳам бор,—дейди Мамиржон ака.—Йиғилишимиз айнан шу асосда—устоз-шогирд анъанасини давом эттиришни кўзлаб ташкилланган. Бир пиёла чой устида фикр алмашиб, ёшларга тавсия ва маслаҳатларни бериб борамиз.

Мамиржон ака “Ташаббус” кўрик-танловининг туман босқичи иштирокчиси, ўз тажрибасини ёш авлодга ўргатиш борасида кўрсатган хизматлари учун вилоят асаларичилар уюшмасининг махсус фахрий ёрлиғи билан тақдирланганлар. Суҳбатдошимиз  Фарғона асаларичилигида охирги йилларда рўй берган ўзгариш ва янгиликлар ҳақида тўлқинланиб гапирар эканлар, Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг соҳа тараққиётига қўшган ҳиссаларини алоҳида таъкидладилар. Дарҳақиқат, 2016 йили вилоятимиз марказида асаларичилар уюшмасининг янги биноси қурилиши, унда цехлар ишга туширилиши, республикада ягона асаларичилик ўқув маркази ташкил қилиниши ушбу фикрнинг яққол далилидир.

Хулоса қилиб айтганда, соҳанинг истиқболи порлоқ эканлиги бегумон. Бундай ривожланишда туманимиз вакилларининг ҳам улуши борлиги эса қувонарлидир.

  Суратда: Мамиржон Холматов шогирдлари Аҳроржон Охунов, Абобакир Хўжаев, Раҳматжон Аҳмадалиевлар билан.

Матн ва сурат муаллифи: Б. РЎЗИОХУНОВ.