Билиб қўйган маъқул

З И Р К

Қадимги гиёҳшунослик китобларида “зиришк”, “зож”, “зирнак”, “амбарбари”, “қорақанд”, “барбарис” деб номланган зирк ўсимлигининг нордон барги, меваси ва илдизи таркибида алколоидлар, А, С, Е, В дармондорилари, фруктоза, глюкоза, ошловчи моддалар, эфир мойлари, органик кислоталар, минерал тузлар, бўёқ ва бир қанча фойдали моддалар бор.

Ибн Сино зиркни чанқоқ қолдирувчи, иситма хуружидан халос қилувчи, меъда ва ичак фаолиятини яхшиловчи, юракни қувватлантирувчи, ични боғловчи ва сафрони ҳайдовчи, бавосил ва яна кўплаб касалликларга шифо сифатида тавсия этган. Абу Райҳон Беруний зирк пўстидан тайёрланган шарбат куйган танани даволашини ва оғриқни пасайтиришини айтган.

Халқ табобатида зиркдан юрак-қон томири, асаб фаолияти сустлашганида, ошқозон- ичак, сариқ, зотилжам, хафақон, безгак, бод каби касалликларни даволашда фойдаланилади. У иштаҳа очиш ва ўт ҳайдаш хусусиятига ҳам эга.

Фойдали маслаҳатлар:

  1. Зиркнинг қуритилган ва ҳўл баргидан чой дамламаси ўрнида фойдаланса бўлади.
  2. Сурункали холетсиститни даволашда 2 чой қошиқ зирк мевасини 250 миллиграмм сув билан сирли идишга солиб, 20-30 дақиқа паст оловда қайнатилади ва кунига 2-3 маҳал овқатдан олдин 1-2 ош қошиқдан ичилади.
  3. Суяк синганида, бўғин чиққанида, лат еганида, бўғин ва мушак оғриқларида зиркнинг шохи, илдизи ёки пўстлоғидан тайёрланган қиёмдан мошдек миқдорда олиб, озгина қайноқ сув ёки сутда эритиб, кунига 2 маҳалдан овқатдан олдин ичилади.
  4. Наша ва тамаки билан заҳарланган, чекишни ташламоқчи бўлганлар зирк илдизини қайнатиб ичишса, фойда беради.
  5. Олма шарбати ва зирк сувидан тенг миқдорда, зирк сувининг ярмича лимон суви ва озгина шакар қўшиб қайнатилади. Бу қайнатма заҳарни кесиш, нафас ва юрак сиқишини, иситмани, иштаҳасизликни бартараф этиш хусусиятига эга.
  6. Зирк сувининг мизожи совуқ бўлиб, сафрони йўқотади, чанқоқни қондиради, истисқога фойда қилади, меъда ва жигар йўлини очади, ортиқча балғам ёки жигар сустлигидан юз берувчи ич кетишини қолдиради.
  7. Зирк зафаронга қўшиб истеъмол қилинса, ҳазм қувватини оширади.
  8. Зирк барги қўшиб сиркаланган сабзавот ва мевалар узоқ муддат яхши сақланади.

Эслатма:

Зирк иссиқ мизожли кишиларга фойда беради. Совуқ мизожли ҳамда қабзият, қуланж билан хасталанган кишилар учун зарарли.