Дунё кўрган спортчиларимиз

Тўрт йилда бир бўладиган Олимпия ўйинлари ва жаҳон, Осиё чемпионатларида иштирок этиб, юртимиз шарафини ҳимоя қилишгани барчамизни ғурурлантиради.

Рост-да, собиқ иттифоқ даврида қишлоғимиздан би­рор спортчи дунё миқёсида­ги мусобақаларга қатнаша олганмиди? Чекка бир жойда туғилиб, қишлоқ мактабида таҳсил олиб, Олимпия ўйин­ларида иштирок этган спорт­чи ҳақида у даврларда ҳатто тушда ҳам кўриш мумкин эмасди-ку! Бу имкониятлар эшиги фақат у пайтларда юқори мартабали ҳисоблан­ган республикалар спортчи­ларигагина очиқ эди-да.

Атиги чорак асрда мамла­катимизда барча соҳалар­да эришилган натижалар ҳақида ўйлаб, Ўзбекистон аталмиш мустақил давлат­нинг оддий бир фуқароси сифатида қалбим ғурурларга тўлади. Соҳа мутахассиси сифатида биргина спортдаги ютуқларимизни таҳлил этиб туриб, бу соҳага алоҳида эъ­тибор бераётган Юртбоши­мизнинг сиёсатларига тан бе­раман. Соғлом ва баркамол авлод тарбиясида спортнинг ўрни ҳақиқатан ҳам беқиёс. Бу борада Президентимиз ташаббуслари билан бош- ланган уч босқичли—»Умид ниҳолалари», «Баркамол авлол» ҳамда Универсиада мусобақаларининг ўтказила­ётгани нур устига аъло нур бўляпти. Бу беллашувлар нафақат ёшларнинг, балки катта авлоднинг ҳам спортга бўлган муҳаббатини ошира­ётганини ҳар биримиз ҳис этяпмиз. Бугун, назаримда, қишлоқларимизда бирор оила йўқки, фарзанди ёки набираси спорт мактабида шуғулланмаётган бўлса. Мустақилликкача бўлган давр­да спорт мактаблари эмас, ҳатто оддий мактаблардаги жисмоний тарбия соатлари­га иккинчи, учинчи даражали дарс сифатида қаралганини, улар ҳатто ўтилмай қолаве­ришини катта ёшдаги устозларимиз эслашади. Энди ўйлаб қарасак, бу, ўғил-қиз­ларнинг жисмоний шаклла­нишига ўта бефарқликнинг оқибати экан.

Мустақиллик шарофатигина ўзбек спортининг парвозига қанот бахш этди. Биргина Қоражийда­миздан чиққан спорт «юлдуз»лари эришган натижа­лар фикримизни яққол исботлаб турибди. Вело­спорт фидойиси, мактабимизнинг собиқ жисмоний тарбия ўқитувчиси, устоз Тўлқин ака Исҳоқовнинг ўғли, билим даргоҳимиз собиқ ўқувчиси Эркин Исҳоқов енгил атлетика бўйича 1996 йили Афина ва 2000 йили Сиднейда бўлиб ўтган ёзги олим­пия ўйинларида иштирок этгани бизларни албат­та ғурурлантиради-да. Футбол бўйича Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси 2003 йили Бирлашган Араб Амирликларида бўлиб ўтган жаҳон чемпионати­да биринчи бор қатнашган эди. Жамоа таркибида мактабимизнинг битирувчиси Мансур Саидов ҳам тўп сурган. Ҳозирда у «Нефтчи» спорт клубининг сардори. Футбол бўйича ногиронлар терма жамо­аси таркибида уч карра жаҳон чемпиони бўлган, Ватанимиз шаънини дунёларга ёйган ҳамқишлоғи­миз Умарали Рустамов ва унинг жамоадошлари эришган натижа ўзбек ўғлонлари матонати ва жа­соратининг ўзига хос намойиши бўлди, десам му­болаға қилмайман. 2006 йили таэквон-до бўйича Эронда бўлиб ўтган Осиё чемпионатида қишлоғи­миз қизи Малика Шойбекова ўз вазн тоифасида биринчи ўринни қўлга киритгани спортсевар қишлоқдошларимизни қанчалар фахрлантирганини бугун эслашнинг ўзи ҳам қувонарлидир. Ҳозирда Малика Марғилон педагогика коллежида ёшларга жисмоний тарбиядан сабоқ беради.

Ўзбек спорти мустақиллик йилларида қанчалар камол топаётгани биргина қишлоқдан етишиб чиққан «юлдузлар» мисолида ҳам акс этиб туриб­ди. Ахир буни табиатан спортни жон-дилдан сев­ган ҳамқишлоқларимиз асрлар бўйи орзу қилма­ганмиди?! Аммо уларнинг орзулари армон бўлиб қолаверди. Аждодларимиз орзулари рўёбини бер­ган, авлодларимизни жисмонан ва маънан соғлом қилиб тарбиялашда спортнинг имкониятларини тобора кенгайтираётган мустақиллигимизга шукр­лар бўлсин.

Бундан буён ҳам астойдилроқ меҳнат қилиб, қишлоғимизнинг юқоридаги анъаналарини давом эттиришга интилишимиз зарурлигини қалбдан ҳис қиляпмиз.

Абдураҳим ХОЛМИРЗАЕВ,

9-умумтаълим мактабининг жисмоний тарбия ўқитувчиси.